Ҳафта давомида қандай об-ҳаво кузатилади?

Бу қизиқ 5085
image

Гидрометеорология хизмати маркази жорий ҳафтада Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Бугун, 9 декабрь куни Туркманистон ҳудудидан нисбатан нам ва илиқ ҳаво оқимлари кириши таъсирида куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг айрим жойларида, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида кечга бориб кучсиз ёмғир ёғиши мумкин. Шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15-20 метрга этиши мумкин. Кундузги ҳарорат 14-19 даража атрофида бўлади. 

Кейинчалик республикадаги об-ҳавони Кавказдан Каспий денгизи орқали биз томонга силжиган баландликдаги антициклон белгилайди. 

Республика ҳудудида 10 декабрда ёмғир ёғиб ўтади, шимолда ёққан ёмғир қорга айланиши мумкин. Мамлакат ҳудудининг катта қисмида ҳарорат фони нисбатан илиқ бўлиб, кечаси 2-7 даража, кундузи 12-17 даража илиқни ташкил қилади, шимолда ҳароратнинг кечаси 3 даража совуқдан 2 даража илиққача, кундузи 3-8 даража илиққача пасайиши кузатилади. 

11 декабрда Кавказ ҳудудидан совуқ ҳаво кириши билан айрим жойларда ёғингарчилик кучаяди. 12-14 декабрда об-ҳавонинг нобарқарорлиги сақланади, айрим жойларда кучсиз ёғингарчилик, фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий туманларида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. 

Совуқ антициклон таъсирида шу кунларда ҳаво ҳарорати аста пасайиб кечаси 0-3 даража, кундузи 8-11 даражагача тушади. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик қийматларга яқиндир. 

Ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон аҳолиси туман ҳодисасини кузатдилар.  Минтақада туман ҳосил бўлишига ўтган ёғинлар билан намланган илиқ тупроққа совуқ ҳавонинг аста секин оқиб келиши асосий сабаб бўлади. Туманлар асосан йилнинг совуқ даврида ноябрдан апрелгача кузатилади, улар кўпроқ декабрь-январь ойларида такрорланади. 

Асосан кечки,  тунги ва эриалабки соатларда кузатиладиган туман қуёш чиқиши ва ҳарорат бир оз кўтарилиши билан тарқалиб кетади. 

Туманларнинг давомийлиги ҳар хил.  Асосан 3 соатгача давом этадиган туманлар кузатилади.  12 соатдан ортиқ давом этиб,  метеорологик кўринувчанлик 50 м ва ундан кам бўладиган ҳолатлар хавфли об-ҳаво ҳодисаларига киради.  бундай ҳолатлар авиация ва эрусти йўл транспорти учун хавф туғдиради. 

Ўтган кунларда айнан шундай шароитлар кузатилди.  Эсингизда бўлса,  декабрнинг биринчи беш кунлигида қишга хос бўлмаган қуёшли об-ҳаво кузатилди,  ҳарорат 10-12 даражани ташкил қилиб,  тупроқнинг илишига исишига келди.  6 декабрда эса Каспий денгизи томондан келган антициклон натижасида ҳаво айнаб,  ёғингарчилик бўлди.  Ҳарорат фони меъёрларгача тушди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 3
Теглар
t
×