Қозоғистондаги сув тошқинлари 80 йил ичидаги энг йирик табиий офатдир – Тўқаев
Олам
−
06 Апрель
10702Қозоғистонда март ойида бошланган йирик сув тошқинлари сўнгги 80 йил ичида республикадаги энг йирик табиий офатга айланди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 6 апрель куни телевидение орқали йўллаган халққа мурожаатида айтиб ўтди.
"Кўп йиллардан буён кузатилмаган табиий офат юз берди. Балки бу сўнгги 80 йилдан ортиқ даврдаги кўлами ва оқибатлари бўйича энг йирик офатдир", дейди у.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг ўнта вилоятида: Абай, Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитау вилоятларида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Президент унинг танқид ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, ҳукумат сел оқибатларини камайтириш бўйича ишларни фаоллаштиргани ва тегишли чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
"Республика штаби тузилди, унга Бош вазир раҳбарлик қилади. Ҳукумат раҳбари ҳам, унинг ўринбосарлари ҳам, Фавқулодда вазиятлар вазири ҳам жабрланган ҳудудларга ташриф буюради", дея тушунтирди давлат раҳбари.
Тўқаев барча жабрланганларга моддий ва бошқа зарур ёрдам кўрсатилишини, барча моддий йўқотишлар қопланишини таъкидлади.
“Биз бу катта тошқинлардан барча сабоқларни олишимиз керак. Табиий офатларнинг олдини олиш бўйича ташкилий чора-тадбирлардаги камчиликлардан тортиб, сув ходимларининг етишмаслиги ва табиатга нисбатан нотўғри муносабатимизгача ўзгартиришимиз керак. Ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари сув тошқинларига қарши курашни самарали мувофиқлаштиришда давом этишлари керак. Сув босган ҳудудларда ҳуқуқ ва тартибни таъминлаш зарур”, дейди у.
Президентнинг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги табиий офатга қарши курашиш учун қўшимча ҳарбий қисмларни жўнатади. Бундан ташқари, Тўқаев оммавий ахборот воситалари ва блогерларни ваҳима қўзғатувчи тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
"Бундай вазиятда ҳокимият ва жамиятни бирлаштиришга қаратилган ҳаракатлар алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакат учун оғир бўлаётган ҳозирги даврда жамиятимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Фуқаролардан фақат расмий ахборот манбаларига ишонишларини сўрайман", дейди Тўқаев.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, сув тошқинлари бошланганидан буён Оқмола, Ақтўбе, Атирау, Қўстанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 3 мингдан ортиқ хусусий турар-жой бинолари ва ҳовли ҳудудлари сув остида қолган. 70 та аҳоли пункти эса транспорт алоқасидан узилган. 46 755 киши, жумладан 14 589 нафари болалар қутқарилган ва эвакуация қилинган. Қутқарув ишларига 8,6 мингдан ортиқ киши ва 1,7 минг дона техника, 411 сув насоси ва 65 сув кемаси, шунингдек, 10 самолёт жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев 30 март куни мамлакатнинг қатор ҳудудларида сув тошқини туфайли юзага келган фавқулодда вазият юзасидан тезкор йиғилиш ўтказиб, ҳукумат ва ҳокимларни фаолиятида бепарволикка йўл қўйгани учун танқид қилганди. У халқидан узр сўраган ва барча жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатилишига ишонтирганди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь