Ўзбекистон сиёсатчилари таъзия билдириш учун Россия элчихонасига борди (фото)
Жамият
−
24 Март
16849Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, унинг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг раҳбари Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва қатор расмийлар Москвада юз берган теракт муносабати билан таъзия билдириш мақсадида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига борди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.
"Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация Россия халқига қўллаб-қувватлаш сўзларини изҳор этиш учун элчихонага келди", дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ҳам рус халқига ҳамдардлик билдиргани ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган зўравонлик ва терроризмнинг барча кўринишларини кескин қоралашини урғулаган.
"Биз рус халқининг ушбу қийин синовни енгиб ўтиш, тинчлик ва хавфсизликка интилишни давом эттириш кучига ишонамиз", дея қайд этган вазир ўз таъзияномасида.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев россиялик мавқедоши Владимир Путинга таъзия хати йўллаган эди. Ўзбекистон ТИВ Москвада содир этилган терактни қоралади. Кеча, 23 мартда Шавкат Мирзиёев Путинга қўнғироқ қилиб, яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Москвада содир этилган теракт муносабати билан Россия Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко ва Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володинга таъзия мактубини йўллади. Президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ҳам “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида юз берган террорчилик ҳаракатларига ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўз муносабатини билдирди.
LiveБарчаси