Мактабдаги жанжалда Миллий гвардия ҳодими тан жароҳати олди
3-саҳифа
−
03 Март
23967Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги мактаблардан бирида рўй берган жанжални бартараф этмоқчи бўлган Миллий гвардия ходимига тан жароҳати етказилди. Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 1 март куни соат тахминан 13:00 ларда Зангиота тумани, “Боғишамол” МФЙдаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими юқори синф ўқувчиларининг мактабни орқа тараф ҳовлисида ўзаро жанжаллашаётганини кўриб қолиб ҳолатни бартараф этишга киришган.
Шу вақтда профилактика инспектори ҳам етиб келиб, Миллий гвардия ходими билан биргаликда ўқувчиларни тинчлантиришга киришганида, ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси акасини чақирган. Ташқаридан етиб келган ўқувчининг акаси ҳамда унинг иккита шериги профилактика инспектори ва Миллий гвардия ходимининг огоҳлантиришига қарамасдан жанжалга аралашиб кетган. Тарафларнинг хатти-ҳаракатларини ва қаршиликларини тўхтатиш чорасини кўрган Миллий гвардия ходимига шу жойда тан жароҳати етказилган.
“Мактабдаги ташвиш тугмаси орқали чақирилган ҳамда тезкорлик билан етиб келган Қўриқлаш тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилган ҳолда Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик қилганлар қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига топширилган”, дейилади хабарда.
Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчисининг акаси Тошкент вилояти, Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли фуқаро экани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича Зангиота тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида ушланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.
Билдирилишича, ушбу ҳолат юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.