Қашқадарёда жинсий қулликда сақланган қизнинг аҳволи маълум қилинди

Жамият

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Китоб туманида 14 ёшли қиз етти ой давомида жинсий қулликда сақлангани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова қизнинг ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани Telegram-каналида маълум қилинди.

“Вилоятга сафаримиз доирасида шу йилнинг ноябрь ойида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.А. томонидан 7 ой давомида таҳдид орқали жинсий эксплуатация қурбонига айланган, 2009 йилда туғилган Ч.Т. билан учрашдик ва унга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак, таълим шарт-шароитлар ҳамда эмоционал-психологик ёрдам ҳолатини ўргандик”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, қизнинг ҳозирда аҳволи анча яхшиланиб, барқарорлашган, психолог томонидан унга мунтазам кўмак кўрсатилмоқда. 

Шунингдек, педагоглар жалб қилинган ҳолда болага мактаб дастуридаги асосий фанлардан дарслар ўтилмоқда. 

“Самимий суҳбатимиз давомида қизча келгусидаги режалари билан бўлишди, энг асосий мақсади – таълим олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилишини билдирди. Болалар омбудсмани бундай мудҳиш жиноят қурбони бўлган боланинг ҳар томонлама реабилитацияси, ўз тенгдошлари доирасида нормал ижтимоийлашуви ва энг муҳими, таълим олиш имкониятлари таъминланиши устидан ўз кузатувини давом эттиради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят бўйича Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда Китоб туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу борада қўшимча маълумот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё жинсий қуллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг