АҚШда 48 йил қамоқда ўтирган эркак оқланди
Бу қизиқ
−
21 Декабрь 2023
8458Оклахома штати суди қотилликда айбланган 71 ёшли Глинн Симмонсни 48 йил қамоқда ўтирганидан кейин айбсиз деб топди. Бу ҳақда кеча, 20 декабрь куни “Associated Press” агентлиги маълум қилди.
Ушбу муддат охир-оқибат Қўшма Штатлардаги энг узун асоссиз қамоқ жазоси деб топилди.
Симмонс 1974 йилда Эдмонт спиртли ичимликлар дўконини ўғирлаш пайтида Каролин Сю Рожерсни ўлдиришда айбланган. Ўшанда Симмонс 22 ёшда бўлган. Бироқ Симмонс ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, у 1974 йилда Эдмонд спиртли ичимликлар дўконида Керолин Сю Рожерс ўлдирилган пайтда Луизианада бўлганини айтган. Айбловлар асоссиз эканлигини доим айтиб келишига қарамай 48 йилдан кўпроқ умрини қилмаган иши ортидан панжара ортида ўтказган кекса Симмонсни Оклахома суди судьяси Эми Палумбо ишда маҳбуснинг айбсизлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда уни айбсиз деб топди.
Маълум қилинишича, афро-америкалик 1975 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган, 1977 йилда қарор эса умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бу суд хатоси билан тайинланган энг узун қамоқ муддатидир. Шундай қилиб, Симмонс 48 йил 1 ой 18 кунни қамоқда ўтказди.
Шундай қилиб, Оклахома штати судьяси Эми Палумбо 2023 йилнинг ёзида Симмонс учун янги суд жараёнини ўтказишни буюрди. Иш туман прокурори Вики Бенннинг прокурорлар муҳим далилларни, жумладан, ишда бошқа гумонланувчиларни иштироки ҳақида гувоҳларнинг сўзларини ўз ичига олган полиция ҳисоботини яширганлиги ҳақидаги даъвосидан келиб чиққанди.
“Ушбу суд аниқ ва ишончли далиллар билан жаноб Симмонс айбланган, ҳукм қилинган ва қамоққа олинган жиноят жаноб Симмонс томонидан содир этилмаганлигини аниқлади”, деган Эми Палумбо суд жараёнидаги нутқида.
Маълумот учун, АҚШ қонунлари бўйича ноқонуний судланганлар давлат органларидан 175 минг доллар миқдорида маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Симмонснинг адвокати Жо Норвуднинг таъкидлашича, компенсация бир неча йил ўтгач белгиланиши мумкин.
Эркакнинг ўзи эса матонат ва жасорат сабоқларидан ўтганини айтади.
“Бу чидамлилик ва қатъиятлилик сабоғидир”, деди Симмонс қарордан кейин ўтказилган қисқа матбуот анжуманида.
Айни пайтда Америка расмийларининг ўзбошимчалик қурбони бўлган Глинн Симмонс саратон касаллигидан даволаниб, товон тўлашга йиллар керак бўлгани учун, хайрия жамғармалари берган нафақага кун кечирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида АҚШда 28 йил қамоқда ўтирган Херардо Кабаниллас ҳам айбсиз деб топилган эди.
LiveБарчаси