Светлана Ортиқова педофил амалдорлар нега бор-йўғи уч йилга қамалганини тушунтирди

Жамият

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукми билан педофил амалдорлар – Хоразм Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Анвар Қурязов Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми эълон қилинганидан кўп ўтмай, жамоатчилик орасида яна эътирозлар пайдо бўлди. Уларнинг асосий қисми педофил амалдорларнинг жинояти тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш)да малакаланмагани билан боғлиқ.

Бугуннинг ўзида ушбу эътирозларга муносабат билдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида брифинг ташкил этилди. Унда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ва Олий суд раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муслим Икромов иштирок этди. 

Светлана Ортиқованинг тушунтириши бўйича, хоразмлик педофил амалдорлар содир этган жиноятда Жиноят кодексининг 118-моддаси аломатлари мавжуд эмас. 

“Олий суднинг кассация инстанциясининг ажримида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлигини текшириш ҳақидаги кўрсатма берилган. Апелляция инстанциясининг 22 июндаги ажримига кўра, шу ишда қатнашган ва давлат айбловини қувватлаган прокурорнинг илтимосномаси қаноатлантирилиб, жиноят иши Жиноят процессуал кодексининг 416-417-моддалари асосида қўшимча процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юборилган. 

Қўшимча процессуал ҳаракатлар нимадан иборат, деган табиий савол туғилади. Бу, албатта, жиноят процессуал қонунчилигида белгиланган. Судга оид одам ДНКси, судга оид биологик экспертиза ва судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Шунингдек, сўроқлар, кўздан кечиришлар, юзлаштиришлар ва бошқа тергов процессуал ҳаракатлари олиб борилган. 

Энди сизнинг эътиборингизни жиноят кодексининг 118-моддасининг диспозициясига қаратмоқчиман. 118-модданинг диспозициясида жабрланувчилар билан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий алоқа қилганлиги ҳолати бўлиши керак. Ўшандагина у ёки бу шахснинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 118-моддасининг жинояти таркиби бор деб биз айб эълон қилишимиз мумкин. Қўшимча процессуал ҳаракатлар ўтказилганда икки судланувчининг ҳаракатларида зўрлик, қўрқитиш, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш ва шу орқали улар билан жинсий алоқа қилиш ҳолати ўз тасдиғини топмади. 

Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Олий суд пленумининг алоҳида қарори мавжуд ва унда номусга тегиш жиноятларининг алоҳида таснифи берилган. Унда зўрлик, қўрқитиш ва ожизлик деган тушунчаларга таъриф берилган”. 

Бизнинг фикримизча, тергов органи битта судланувчига 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми “а” банди билан унинг ҳаракатларини тўғри малакалаган. Бугунги куннинг ҳолатига ва тергов органи томонидан иккита судланувчининг хатти-ҳаракатларига Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) билан тўғри малакаланган. Айблов прокурор томонидан тасдиқланган ва судга юборилган”, дейди Светлана Ортиқова.

Маълумот учун, агар хоразмлик педофилларга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси айблови қўйилганда улар энг камида 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. 

Эслатиб ўтамиз, шу йининг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек  Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Кейинчалик Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made