“Ўзбекистон темирйўллари" ўзини ойнада кўриши керак – нидерландиялик блогер
Жамият
−
16 Октябрь 2023
500986 июль куни нидерландиялик саёҳатчи-блогер “Афросиёб” поездидаги оддий ўрнини 15 доллар эвазига VIP жойга алмаштириб олгани ҳақида ўзининг Instagram саҳифасида видео эълон қилганди. Шундан сўнг Ўзбекистондаги темирйўллар фаолияти билан шуғулланувчи “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ мазкур ҳолат сабаб поезд бошлиғини лавозимидан бўшатди. QALAMPIR.UZ таҳририятига ушбу блогердан муносабат келиб тушди.
Хорижлик блогер поезд ходимининг ишдан олинишига сабабчи бўлиб қолганидан афсусдалигини билдириб, вазиятни тушунтириб беришга ҳаракат қилган. Маълум қилишича, у ва ҳамроҳлари Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон бўйлаб саёҳат қилиш учун туризм агентлигидан фойдаланган. Аммо агентлик поездда улар талаб қилган шароитли ўринларни тақдим этмаган. Йўловчилар бундан норози бўлган ва воқеадан бир неча кун аввал телефон орқали поезд компаниясининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими билан боғланиб, ўз чипталарини қонуний йўл билан VIP'га алмаштириб беришини сўраган. Аммо уларга ҳеч ким ёрдам бермаган.
“Бу воқеа уларнинг поездлари ва қулай саёҳатлари туфайли эмас, балки поезд чипталарини банд қилишнинг мураккаблиги, тил билан боғлиқ тўсиқлар ва мижозларни жуда хафа қиладиган хизмат туфайли содир бўлди”, деб ёзган у.
Шунингдек, блогернинг сўзларига кўра, у вокзалда қўлида пул билан 15 дақиқадан ортиқ ўз чиптасини алмаштириб бериш учун ёрдам бериши мумкин бўлган одамни қидирган. Аммо инглиз тилини биладиган на ходим, на йўловчи топилмаган. У билан Google Translate ёрдамида зўрға гаплаша олган одамлар эса поезд раҳбарига боришни маслаҳат берган.
“Агар “Афросиёб”нинг станцияда ёки мижозларга хизмат кўрсатиш гуруҳида рус бўлмаган сайёҳларга ёрдам бера оладиган ишчиси бўлганда эди, бундай ҳолат ҳеч қачон юз бермасди”, деб ёзган блогер.
Бундан ташқари блогер “Ўзбекистон Темирйўллари” АЖни ҳам танқид қилган.
“Ишчини ишдан бўшатиш ва бу билан коррупцияга қарши курашаётганини кўрсатиб қўйиш улар учун "фахрли иш" бўлиши мумкин, аммо "Ўзбекистон темирйўллари" компанияси ҳам ўзини ойнада кўриши керак”, деган у.
Нидерландиялик блогер поезд компанияси қарорини ўзгартиришидан умид қилмоқда ва уларни хизмат кўрсатиш бўйича тизимдаги камчиликларга ҳам аҳамият беришга чақирган.
“Ишдан бўшатилган поезд ходимининг аҳволидан чин дилдан афсусдаман, лекин Ўзбекистоннинг “Афросиёб” поезди компанияси ҳам ўз хулосаларини чиқаради, деган умиддаман. Чунки уларнинг хорижликлар ва рус тилида сўзлашмайдиган туристларга хизмат кўрсатиши даҳшатли аҳволда!” деган у.
Муносабатнинг сўнгида саёҳатчи бўлган воқеаларга қарамай, Ўзбекистон унга ёқишини ва келажакда ҳам яна бу давлатга ташриф буюриш нияти борлигини қўшимча қилган.
"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни яхши кўраман. Вақтимни жуда яхши ўтказдим ва, албатта, бу ерга яна қайтиб келаман. Агар кимдир ушбу постни ўқиб, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишдан воз кечса, илтимос, уни қайта ўқинг. Ўзбекистонга саёҳат қилиш ҳайратланарли ва бу мамлакат архитектура нуқтаи назаридан дунёдаги энг қизиқарли мамлакатлардан бири. Бундай кичик воқеа Ўзбекистонга саёҳат қилиш режаларингизга таъсир қилмаслиги керак. Ўзбекистонга саёҳатингиздан роҳатланинг!” дея ўз муносабатига якун ясаган блогер.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб Ўзбекистонда маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездларининг чипта нархлари ошади. Жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездларининг чипта нархлари 100 фоизга қимматлашади.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь