Габон Президенти уй қамоғига олинди (видео)
Олам
−
30 Август 2023
5843Габон Президенти Али бен Бонго Ондимба уй қамоғига олинди. Бу ҳақда Африка давлатида ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларга таяниб, AFP агентлиги хабар берди.
“Президент Али бин Бонго Ондимба оиласи ва шифокорлари қуршовида уй қамоғида”, дейилган ҳарбийларнинг телевизион чиқишида.
Шунингдек, қўзғолончилар давлат раҳбарининг ўғилларидан бири “давлатга хиёнат қилгани учун” ҳибсга олинганини айтган.
Бундан ташқари, ҳарбийларнинг мурожаатида Габон Президентидан ташқари яна бир неча киши, жумладан, ҳукумат аъзолари ҳам ҳибсга олингани маълум қилинган. Улар орасида президентнинг ўғли Нуриддин Бонго Валентин, президент маъмурияти раҳбари Ян Гислен, администрация раҳбари ўринбосари Муҳаммад Али Салью, давлат раҳбари маслаҳатчиси Абдул Ҳусайний, президент матбуот котиби Жесси Элла Экога ва ҳукмрон Габон Демократик партиясининг икки нафар юқори мартабали вакили бор.
“Мазкур шахслар миллий институтларга хиёнат қилиш, давлат маблағларини ўғирлаш, уюшган гуруҳлар таркибида халқаро миқёсдаги молиявий фирибгарлик, коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди”, дейилади ҳарбийлар хабарида.
Бу орада ижтимоий тармоқларда уй қамоғига олинган Али бен Бонго Ондимбанинг видеомурожаати пайдо бўлди. Унда Президент бутун дунё бўйлаб “дўстларини” жим турмасликка чақирди.
У ўз қароргоҳида эканлигини тасдиқлади, лекин нима бўлаётганини билмаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳарбийлар барча давлат органларини тарқатиб юборганини ва Габонда тўлиқ ҳокимиятни ўз зиммасига олган ўтиш даври ва муассасаларни тиклаш қўмитасини тузганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси