ЖАР собиқ президенти қамоқхонада жой йўқлиги учун қўйиб юборилди
Олам
−
12 Август 2023
4274Кеча, 11 август куни судга ҳурматсизлик қилгани учун 15 ойга қамалган Жанубий Африканинг собиқ президенти Жейкоб Зума қамоқхонада жой йўқлиги сабаб озод этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Унга кўра, Жейкоб Зума жорий йилнинг апрель ойида Жанубий Африка қамоқхоналарида жой очиш учун бошланган схема бўйича озод қилинган 9 мингдан ортиқ хавфлилик даражаси кам маҳбуслардан биридир.
Бу ҳолатни ЖАР Адлия вазири Рональд Ламола қамоқхоналарда маҳбусларнинг кўпайиб кетгани оқибатида жой йўқлиги билан боғлаган. Унинг айтишича, бу қарор қамоқхона раҳбарияти томонидан ҳеч қандай сиёсий аралашувсиз қабул қилинган ва Жейкоб Зумага алоҳида муносабат кўрсатилмаган.
Қамоқхоналар департаменти вакилининг BBC`га айтишича, Жанубий Африкадаги маҳбуслар сони ҳозирда расмий имкониятлардан 47 фоизга кўп. Ўтган ҳафта маҳбуслар қамоқхоналардан бирига ўт қўйгани вазиятни янада чигаллаштирган. Оқибатда 4 мингга яқин ҳибсдагиларни эвакуация қилишга тўғри келган.
Жанубий Африканинг қамоқхоналар бўйича комиссари Макготи Тобакгаленинг айтишича, Жейкоб Зума 11 август куни эрталаб Квазулу-Натал провинциясидаги Эстcоурт ахлоқ тузатиш муассасасидан ўз уйига қўйиб юборилган.
Шунингдек, Жанубий Африканинг асосий мухолифат партияси собиқ президентга берилган бу имтиёзга қонуний эътироз билдиришини айтиб чиқди. Африка Миллий Конгресси ҳам бу қарорни олқишлаб, мамлакат манфаатларига мос эмаслигини билдирган.
Баъзи жанубий африкаликлар мамалакатда электр энергиясининг тез-тез узилиши, жиноятчиликнинг юқори даражада эканлиги, қашшоқлик ва ёшлар ишсизлиги каби долзарб муаммоларга эътибор қаратиши керак, деса, бошқалари Жейкоб Зума муддатининг қолган қисмини ўташ учун қамоққа қайтиши кераклигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, Жейкоб Зуманинг 2021 йилда қамоққа олиниши норозилик намойишлари ва тартибсизликларга сабаб бўлган эди. Оқибатда 350 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. У ўз президентлиги давридаги молиявий танглик ва қариндош-уруғликни текшираётган комиссия олдида гувоҳлик беришдан бош тортгани учун қамоққа ҳукм қилинган. Аммо у муддатидан икки ой ўтгач шартли равишда озод қилинган. Ўтган 2022 йилнинг ноябрь ойида апелляция суди Жейкоб Зуманинг озодликка чиқишини ноқонуний деб топган ҳамда уни жазони охиригача ўташ учун қамоқхонага қайтарган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь