Суд Трампга Капитолий босқини бўйича “тилини тийиб юриш”ни буюрди

Олам

image

Колумбия округи федерал суди судьяси Таня Чаткэн АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга 2021 йил январида Капитолий тепалигидаги тартибсизликлар бўйича “нозик маълумотларни ” ошкор қилишни тақиқлади. Бу ҳақда кеча, 11 август куни эълон қилинган суд ҳужжатларида маълум қилинди.

“Судланувчи ва унинг адвокатлари бевосита ёки билвосита муҳим материалларни ёки унинг мазмунини ҳеч қандай жисмоний ёки юридик шахс билан баҳам кўрмасликлари керак”, дейилади ҳужжатда.

Шундай қилиб, Чаткэн АҚШ махсус маслаҳатчиси Жек Смитнинг илтимосини қисман қондирган, у Трамп жамоасига ушбу иш билан боғлиқ ҳар қандай маълумот алмашишни тақиқлашни талаб қилган. Прокуратура ўз талабини бундай маълумотларнинг тарқатилиши ишни холис ўрганишга халақит бериши, хусусан, гувоҳларни қўрқитиши билан изоҳлаган. Мурожаатда Трампнинг Truth Social’даги хабари келтирилган. Унда собиқ президент сиёсий рақибларини таъқибларда айблаб, уларга ҳам худди шундай жавоб беришга ваъда берган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 6 январида Дональд Трампнинг минглаб тарафдорлари АҚШ Конгресси амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонганини тасдиқламаслиги учун Капитолий биносига бостириб кирган. Оқибатда тўрт нафар намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлган. Яна 140 нафар полициячи яраланган.

Ҳозирда собиқ президентга қўйилган айбловга кўра, 2021 йилнинг 6 январида Трамп ва унинг шериклари президентлик сайловларида сохта иддаолар тарқатиш, шунингдек, зўравонлик ва тартибсизликларни келтириб чиқариш орқали расмий овоз бериш натижаларини бекор қилишга уринган. Махсус маслаҳатчи Жек Смитга кўра, айнан Трампнинг ёлғонлари “Капитолий ҳужуми”га сабаб бўлган.

Дональд Трампдан ташқари яна олти нафар шахсга нисбатан айбловлар қўйилган, уларнинг исмлари ошкор қилинмаган. Айни пайтда, улар орасида собиқ президентга сайловлардаги қаллобликлар ҳақидаги баёнотларни тарқатишга ёрдам берган адвокатлар ҳам борлиги маълум. Бу Трампга қарши очилган учинчи жиноий иш. Илгари унга ҳужжатларни сохталаштириш, шунингдек, мудофаа маълумотларини ноқонуний сақлаш айби қўйилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Капитолий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг