Зеленский Болгария самолётида Софияга борди
Олам
−
06 Июль 2023
7938Украина Президенти Владимир Зеленский Болгария ҳукумати самолётида Софияга учиб борди. Бу ҳақда BTV хабар берди.
Айтилишича, Зеленский Болгарияга республика ҳукуматининг таклифига биноан борган. Украина Президенти ташриф чоғида болгариялик мавқедоши Румен Радев ва мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Николай Денков билан учрашишни режалаштирганини маълум қилган. Бундан ташқари, Зеленский Болгария Ташқи ишлар вазири Мария Габриэль ва республика Миллий ассамблеяси спикери Росен Желязков билан ҳам учрашиши айтилган.
Муҳокама қилиниши режалаштирилган мавзулар орасида Украинанинг НАТОга кириши истиқболлари, НАТОнинг бўлажак саммити, шунингдек, хавфсизлик кафолатлари ва Владимир Зеленский таклиф қилган “тинчлик формуласи” бор. Зеленскийнинг режаси, хусусан, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш, Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш, ядровий хавфсизлик ва барча маҳбусларни озод этишни назарда тутади.
Бундан ташқари, Зеленский Болгария раҳбарияти билан Киевга Софиянинг ёрдами ҳажмини ошириш ва қурилиши тугалланмаган Болгария Белене атом электр станциясидан рус ускуналарини сотиш ҳақида гаплашмоқчи. Томонлар, шунингдек, Украинанинг Евроатлантика йўлини қўллаб-қувватловчи декларация ва энергетика соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолашни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 26 июнь куни Болгария ҳукумати Украинага янги ҳарбий ва ҳарбий-техник ёрдам пакетини тасдиқлаган. Рўйхат махфий бўлсада, унинг ҳажмини ўтган йилнинг декабрь ойида ажратилган биринчи ёрдам пакети билан солиштириш мумкинлиги таъкидланган.