Ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига ўзгартиришлар киритилди
Жамият
−
13 Апрель 2023
18766Ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда бугун, 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги имзоланган фармонда келтирилган.
Унга кўра, жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш мақсади назарда тутилган.
Ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
- банкларга ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилди. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олиш орқали аниқланади;
- банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаро арзонроқ кредит олиш имконига эга;
- субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Бунда фуқаро 4 ойда сертификатдан фойдалана олмаса, у субсидияга қайта ариза топшириши мумкин;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Халқпарвар комиссияларининг хулосасига асосан хато ажратилган субсидия сертификатларини тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 апрель куни Президент раислигида ўтган ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда Тижорат банклари балансида ипотекадан қайтиши керак бўлган маблағларни актив сифатида ишлатиб, ипотека облигациясини чиқариш орқали қўшимча 10 триллион сўм ресурс жалб қилиниши мумкинлиги айтилган эди. Шунингдек, ўша кунги йиғилишда 1 майдан расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси