Сергелида минглаб одамлар заҳарланяпти
Таҳлил
−
07 Апрель 2023
277292019 йилда Ўзбекистон дунёнинг барча мамлакатларидан ўзиб, тутундан заҳарланиш ёки бошқача айтганда ташқи ҳавонинг ифлосланиши оқибатида ўлганлар бўйича биринчи ўринни олган. Дунёнинг энг катта муаммолари ҳақида тадқиқот олиб борувчи OUR WORLD IN DATA маълумотлар порталининг 2019 йилги таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолидан 178 нафари ташқи ҳаво ифлосланиши билан бевақт ўлим топган.
Ушбу кўрсаткич бугунги кунда янада ошган ва ёмонлашган бўлиши мумкин. Хўш, нима учун айнан 2019 йилдан Ўзбекистон хавоси бунчалик ифлослана бошлади? Мусаффо осмонимиз қани? Тошкент тутунга тўлишига сабаб нима? Нима учун одамлар тутундан ўляпти? Барча саволларнинг жавоби битта – 12-протокол – бу масъулларнинг масъулиятсизлик билан қабул қилган ҳужжати. Бунинг оқибатида ўзбекистонликлар ис газиданда хавфлироқ газдан заҳарланмоқда. Фақат унинг таъсири бирданига эмас, секин, йиллар давомида сезилади. Бу заҳарга қарши эса бутун мамлакат бўйлаб фақат бир кишигина курашга отланган. Бугун ўша қаҳрамон ва унинг муаммоси билан сизни таништирамиз.
"Мен Бекзод Акбаров, мутахассислигим бўйича энергетикман. 2019 йилда шу уйни олганмиз. Бошида ҳаммаси яхши эди. Лекин совуқ кунлар келиши билан иситиш қозонлари ишга тушди ва ҳамма муаммомиз бошланди", дея ўзини таништирди мурожаатчи.
Гап шундаки, 2019 йил 4 ноябрда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 1560-сонли "Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат қабул ҳайъатининг далолатномаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖ Тошкент шаҳар Сергели (ҳозирги Янгиҳаёт) туманида қурилган 8-қурилиш ҳудудида жами 172 та 7670 хонадонли уй-жойлар, шунингдек, 9-ҳудуддаги 35 та кўп қаватли уйларни қуриб фойдаланишга топширган.
Кўп қаватли уйларнинг ҳар бир хонадонига марказлашмаган ҳолда иссиқ сув билан таъминлаш учун табиий газ ёқилғисида ишлайдиган, ички бозорда ишлаб чиқилган “ROYAL” индивидуал ёпиқ ёниш камераси билан жиҳозланган, автоматлаштирилган икки контурли иситиш қозонлари ўрнатилиб, тутун чиқаргичи эса уйнинг фасад қисмига жойлаштирилган.
Фуқаролар сувни иситиш учун газ ёқилғисида ишлайдиган иситиш қозонларидан фойдаланишади. Оқибатда ёниш маҳсулотлари уйнинг фасад қисмига ўрнатилган тутун чиқаргич орқали ҳавога тарқалади. Асосий муаммо эса ҳаво чиқаргич хонадон ойнасига қаратилганида. Уйи деразасини очиб, тоза ҳаводан нафас ололмаётган, ёниш маҳсулотларидаги заҳарни ютавериб, аллергия касаллигига чалинган, қурилиш меъёрлари бузилганини кўриб, тан олаётган мутасаддилар ҳам муаммога ечим топа олмаганидан чарчаган, ёлғиз ўзи курашга чиққан фақаро QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилди.
Ҳар бир объект қурилишидан аввал у қурилиш меъёрлари талабига жавоб бериши ҳақида ҳужжатлар имзоланади. Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уйлар яшаш учун яроқлилиги, санитария қоидаларига амал қилингани текширилмай туриб фойдаланишга топширилдими, деб ўйлаётгандирсиз. Биз ҳам айнан шу савол билан Бекзод Акбаровга юзландик. Мурожаатчининг тақдим этган ҳужжатлардан кўриниб турибдики, ҳудуддаги барча кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилишидан аввал текширувлар ўтказилган.
Аслида ички бозорда ишлаб чиқилган “Royal” индивидуал ёпиқ ёниш камераси билан жиҳозланган автоматлаштирилган икки контурли иситиш қозонларини ҳар бир хонадонга, тутун чиқаргичларни хонадон фасадига ўрнатиш масаласи 2018 йил 1 ноябрь куни Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов раислик қилган, биз аввалроқ тилга олган 12-протокол имзоланган, “Техник кенгаш” йиғилишида муҳокама қилинган.
Ўшанда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” мухандиси ўринбосари Элмуродов Санитария-эпидемиология назорати маркази Тошкент шаҳар бўлими томонидан ўтказилган текширувда икки контурли қозон ишлаши жараёнида уйнинг барча хоналарида ҳаво кўрсаткичи CО ва бошқа заҳарли моддалар аниқланмаганини инобатга олиб, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖ уйларга умумий тутун чиқаргич ўрнатмаслик, аксинча, икки контурли иситиш қозонларини ҳар бир хонадонга, ҳаво чиқаргичларини эса хонадон фасадига ўрнатиш масаласига розилик беришларини сўраган.
“Техник кенгаш” йиғилиши аъзоси бўлган 2018 йилда “Саноатконгеотехназорат” эксперти ҳозирги Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Газ иншоотларидан хавфсиз фойдаланиш бўлими бошлиғи Х.Юсупов, кўп қаватли уйларга фақатгина сертификати эга бўлган, икки контурли иситиш қозонларини умумий тутун чиқаргич орқали ўрнатиш шарт эканини талаб қилган.
Баённомада эса Х.Юсупов иситиш қозонларини умумий тутун чиқаргичсиз ўрнатишга розилик билдиргани ёзилган. “Техник кенгаш” икки контурли қозонларни йиғма тик мўри ўрнатмасдан ёниш маҳсулотларини кўп қаватли уйларнинг фасадига чиқаришга қарор қилиб, 12-баённома имзоланган.
2018 йилда “Техник кенгаш” аъзоси бўлган Х.Юсупов иситиш қозонларининг тутун чиқаргичларини кўп қаватли уйларнинг фасадига чиқаришга розилик бермагани, ҳатто, баённомага имзо чекмагани ҳақида QALAMPIR.UZ’га шундай деди:
“12-баённома имзоланаётганда мен ўз фикримни билдирганман. Бу ҳужжат иккинчи ўзгартириш эди. Биринчи ҳужжат тузилган вақтда у ҳужжатни ўзим ишлаб чиққандим. Олдин ҳар бир хонадонга алоҳида индивидуал қозонхона қуриш мумкин эмасди. Марказлашган қозонхона орқали хонадонлар иссиқ сув билан таъминланарди. 2014 йилда 128-қарор асосида ҳужжатга иккинчи ўзгартириш киритилган. Унда 5 қаватдан ибрат кўп қаватли уйларга маълум шартлар асосида индивидуал қозонхона қуриш мумкинлиги белгиланган. Айнан унда қозондан чиқадиган заҳарли моддалар умумий қувур орқали томдан юқорига чиқиши кераклиги белгиланган. Ҳар бир қават умумий қувурга уланади ва уй томидан ҳавога чиқиб кетади”.
Шунингдек, у 12-баённома кўриб чиқилаётган вақтда бу усул қимматга тушишини айтган ва қаршилик қилган. Лекин улар бу усулдан фойдаланилса, уйлар арзонроқ қурилиши ва халқга ҳам арзонроқ уй харид қилиш имкони пайдо бўлишини айтишган.
“Мен барибир қаршилик қилганман. Юқоридаги талаб бир эмас, бир неча марта, ойлаб ёзилган. Инсон ҳаёти пул билан ўлчанмайди. Ҳар бир хонадондан алоҳида заҳарли моддалар чиқиши учун дудбўрон ўрнатилиши нафақат ўзи, балки қўни-қўшниларга ҳам зарар келтиради. Бир уйдан чиқадиган заҳарли модда шамол йўналишига қараб тепадаги ёки ёндаги қўшниларга ҳам зарар келтиришини айтганимда, замонавий қозон ўрнатиш орқали муаммога ечим топишларини, замонавий қозонлар 100 фоиз ёниши ва ўзидан ис гази ёки бошқа заҳарли моддалар чиқармаслигини айтишганди. Бир нечта мутахассислар газ 100 фоиз ёниши оқибатида CО ис гази чиқмаслигини айтганди. Тўғри, CО бўлмас, лекин CО2 оддий тутун бор. Тутун ҳам одамнинг нафас олиши учун яроқли эмас. Одам организми доимий CО2 билан нафас олиш учун мослашмаган. Хуллас, бир нечта сабабларни айтишимга қарамасдан 12-баённома мени имзоим ва розилигимсиз қабул қилинди. Мен мутахассис сифатида бу ҳужжатнинг имзоланишига қаршиман”, деди у.
Шу тариқа 12-баённомага асосан 2019 йилнинг 19 сентябрь куни 9-қурилиш ҳудудидаги 45 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилган.
“Уйлар фуқароларга топширилишидан аввал Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена лабораторияси томонидан ёпиқ хоналар ҳавосини текшириш бўйича 12-сонли баённома тузилган. Текширув натижаси эса хонадонларда Санитария қоидалари 0331-16 талабига биноан фақатгина формаделгид (пластмассадан ажраладиган заҳарли) моддаси аниқланмаганини кўрсатади. Аслида Санитария қоида ва нормалари (САНПИН 0331-16) нинг 10.1 бандида турар-жой биноларининг ҳаво муҳити ундаги кимёвий моддалар таркиби, шовқин, тебраниш, ультратовуш, электроник ва электрон агроглаш даражалари бўйича талаблар белгиланган”, демоқда фуқаро Акбаров.
Ҳужжатга асосан, уй қуриб фойдаланишга топширилиши учун яшаш майдони ҳавосида 20 хил заҳарли моддалар бор-йўқлиги аниқланиши керак. Санитария-гигиена лабораторияси 0331-16 нормаларини бузиб, фақатгина формаделгид (пластмассадан ажраладиган захарли) моддаси текширишган. Текширувдан мақсад фуқаролар саломатлигини таъминлаш, улар турли моддалардан заҳарланмаслигининг олдини олишми ёки ҳужжатларга "текширилган" деган тасдиқ белгисини қўйиш?
Аммо (ҳозирги) Санитария-эпидемиология ва жамоат хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси Жуман Тўйчиевнинг айтишича, кўп қаватли уйларга ўрнатилган индивидуал тутун чиқаргичлар амалдаги қонун талабларига зиддир.
"Амалдаги 0350-17-сон СанҚваН талабларига мувофиқ, кўп қаватли биноларда тутун чиқарувчи мўрилар бино томидан 1,5 метр баландликда бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг 2018 йил 24 октабрда 04-11б/5044-сонли хатида берилган хулоса эса текширувлар ўтказилган хонадонларнинг ошхоналарига тегишли, холос.
Кўп қаватли уйлар хонадонларида индивидуал иситиш қазонлари дудбўронларини (мўрисини) ўрнатиш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланмаслиги сабабли ушбу талаблар техник-ҳужжатларда (ШНҚ, ҚМҚ) акс эттирилган бўлиши лозим", деди Тўйчиев.
Фуқаро Бекзод Акбаров текширув ўтказилгани ҳақидаги ҳужжатни сўраб, Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига мурожаат қилган. Ходимлар эса гўёки ҳужжатдан намуна беряпмиз, деб 2019 йил 19 сентябрь куни тузилган баённомани берган.
Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг узоқ йиллик мутахассиси асл ҳақиқатни QALAMPIR.UZ’га айтиб берди. Унинг маълум қилишича, шаҳар "СЭС" томонидан ўтказилган бу текширув натижалари кўп қаватли уйларда индивидуал шаклда дудбўронларни ўрнатишга асос бўла олмайди.
Фуқаролар қурилиш қоидалари бузилгани, уйга газнинг заҳарли ҳавоси кириб, одамлар соғлиғига зиён етгани юзасидан “Ҳудудгаз пойтахт” ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига мурожаат қилади. Лекин ҳар икки идора ҳам йўналтишни “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖга буриб, унга мурожаат қилиш кераклигини айтиб, масалани ўз зиммаларидан соқит қилишга уринади. Фуқаро Бекзод Акбаров чиқмаган жондан умид, деб 2021 йил 5 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат қилган.
Биз муаммо юзасидан ҳар икки томонни ўрганиш мақсадида “Ўзшаҳар қурилиш инвест” билан ҳам боғландик. Исмини очиқлашни истамаган корхона собиқ юристининг маълум қилишича, барчаси судда аниқ бўлган.
Масала судда кўриб чиқилган. Судда мутахассисларнинг фикри эшитилган. Тошкент шаҳар “СЭС” марказидан одамлар келган. Барчаси аниқ. Агар фуқаро суд натижаларидан норози бўлса, марҳамат, юқори турувчи судларга мурожаат қилсин”, деди исмини очиқлашни хоҳламаган собиқ юрист.
Халқда шундай гап бор: ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас! Бугун бутун Тошкент бўйича, эҳтимол, бутун Ўзбекистон бўйича фақат биргина фуқаро тутунга қарши курашга отланган. Афсуски, унинг бу курашини на фуқаролар, на масъул давлат органлари қўллаб-қувватлаган. Биз эса имкон қадар мавзуни таҳлил қилишга, муаммонинг чангини ёки донғини чиқаришга ҳаракат қилдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь