Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазолар оғирлашяпти
Жамият
−
06 Апрель 2023
5505Энди вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмайди. Бу ҳақда бугун, 6 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида сўз борган.
- Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик учун тегишлича маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланяпти.
- Эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари жазодан шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштириляпти.
- Хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамдардлик ота-она ўзининг вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.
Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификасия қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.
Шу билан бир қаторда, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.
Сенаторларга кўра, Қонун хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь