Ўзбекистон космосга Олмазордан чиқади!
Интервью
−
30 Январь 2023
20706Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ мактаб бор. Улардан 340 таси Тошкент шаҳрида. Узоқ қишлоқларни қўйинг, яқинимиз пойтахтдаги мактабларнинг ҳаммаси ҳам капитал таъмирдан чиқмаган, қишнинг совуғига дош берадиган аҳволда эмас.
Қайсидир мактаблар онлайн ўқиш бошлаганда Олмазор туманидаги 298-мактаб янгидан таъмирланиб, ўқувчиларга топширилди. Бу мактабда таҳсил оладиган ўқувчилар энди ўз қўли билан ясаган нано-технологияни космосга учира олишади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, улар ўз қўли билан ясаган роботларини бошқариши ва бу орқали сиздан ҳам кўпроқ пул топиши мумкин.
Энди Олмазор туманидаги 298-мактаб ёшларнинг ғояларини реал ҳаётда амалга оширадиган майдонга айланди. Мактабда ўқувчилар илк стартап лойиҳаларини йўлга қўйишлари мумкин. Капитал таъмирдан чиққан 298-мактабда, 3D форматлаш робототехника ва космонавтлар хонаси ташкил этилди.
“Мен мазкур мактабда робототехника ўқитувчисиман. Биз ўқувчиларни 1-11 синфга қадар курсимизга қабул қиламиз. Робототехника йўналишида болалар кўплаб дастурлаш ва роботларни ясашни ўрганади. Бу курсни ўқиб тугатган бола ҳар қандай роботларни ясай олади”, дейди мактаб ўқитувчиси.
Ўқув дастури 3 босқичдан иборат. Биринчи босқичимиз – бошланғич, яъни 2-синфдан 4-синфгача, иккинчиси – ўрта босқич, 5-синфдан 9-синфгача ва юқори босқич ўнинчи ва ўн биринчи синфларни ўз ичига қамраб олади. Бу роботни ясаш учун бир неча фанларнинг интеграцияси керак бўлади. Булар: математика, физика, муҳандислик, механика, электроника, дастурлаш. Мана шундай бир нечта фанлар жамланмасини интеграция қилган ҳолда ушбу роботни ясайди ва энг қизиғи буни бола эмоционал ҳолатда амалга оширади. “Мен айнан математикани ўрганяпман, айнан физикани ўрганяпман” деб ўйламайди ва умумий ҳолатда буни ўзлаштиради.
Бундан ташқари, Олмазор туманидаги 33 та мактабда 3D принтер ва капсулалар ўрнатилган. Улар машинасозлик, протатиплаш, архитектура, қурилиш ва бошқа соҳаларга оид исталган қийинчиликдаги 3D маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятига эга. Масалан, биология фани учун керак бўладиган жиҳозлардан бирини исталган кўринишда компьютер орқали моделлаштирасиз ва 3D принтери орқали тайёр ҳолга келтирасиз.
“3D моделлаштириш ва 3D протатиплаш хоналари тумандаги тўртта секторнинг ҳар бирида ташкиллаштирилади. Бунда биз ўқувчи ёшларни бир жойга жамлаб, дарс ўтиш имконига эга бўламиз. 3D моделлаштириш тиббиёт соҳасида, қолаверса, ишлаб чиқариш йўналишида ҳам керак бўлади. Айнан шундан келиб чиқиб, бугунги кунда 3D моделлаштиришнинг фрилансерлик йўналишига жуда кўп талаблар бор. Биздан сертификат олгач, ўқувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё миқёсида ўз маблағларини ишлаб топиши мумкин”, дейди 3D моделлари хомашёсини ишлаб чиқарувчи компания асосчиси Бекзод Тўхтамуродов.
Бундан кўп йиллар аввал ўз қўлимиз билан ясаган нано-технологияни коинотга учиришимиз имконсиз эди. Ҳозир бу имконият бор ва бу ишни сизнинг фарзандингиз ҳам эплай олади. Бу йўналишни ҳам айнан 298-мактабда ўрганиш мумкин.
“Ҳозирги кунда Олмазор тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Dreamset” лойиҳасини бошладик. Бу Ўзбекистондаги энг катта инновацион лойиҳа ҳисобланади. Тумандаги 20 та мактабдан саралаб олинган ўқувчилар билан биргаликда ўзимиз ясаган нано-йўлдошини стратосферага, яъни яқин космосга учирамиз. Бу ўқувчиларнинг дунё қараши ва фикрлаши ўзгаришига катта ёрдам беради. Ундан ташқари, аниқ фанларга қизиқишини оширади. Тасаввур қилинг, 9-11 синф ўқувчилари ўзи ясаган нано-йўлдошини ердан 45-50 км баландликда учиради. Нано-йўлдошларимизни типларга ажратишимиз мумкин.
Масалан, об-ҳавони ўрганиш учун бу борада жуда кўп изланишлар олиб бордик ва ҳозирги кунгача 10 дан ортиқ нано йўлдошларни шар орқали стратосферага учиришга муваффақ бўлдик. Бу орқали кўплаб маълумотларни қўлга киритдик. Олган маълумотларимиз бўйича ўқувчиларга дарс қўлланмаларини ишлаб чиқдик”, дейди Турин политехника университети талабаси Зиёдулло Бўтахонов.
LiveБарчаси