“Молхона”да ўқиётган ўқувчилар. Ўзбекистон мактаблари қишдан қандай чиқади?
Жамият
−
23 Декабрь 2024
15479Ўзбек халқида “Қиш ғамини ёзда кўр” деган доно мақол бор. Дарҳақиқат, ёз бўйи кўплаб давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар қишга тайёргарлик кўраётгани ҳақдаги ҳисоботлар билан чиқиш қилади. Аммо ҳар гал қиш келганида кўрилган тайёргарликлар-у, айтилган ҳисоботлар ўзини оқламагани яққол кўзга ташланиб қолади.
QALAMPIR.UZ’га Тошкент вилояти Бўка тумани Катта Ровот МФЙ ҳудудида жойлашган 10-сон умумий ўрта таълим мактаби қишда таълим олиш учун яроқсизлиги бўйича мурожаат келиб тушди. Даставвал, Тошкент шаҳридан унчалик узоқда жойлашмаган бу мактабнинг шароитсиз эканига ишонқирамай қараган эдик. Аммо ҳолатни бориб, ўз кўзимиз билан кўрганимизда мурожаатда қай даражада жон бор экани аниқ бўлди.
“Мактаб деган ном беришга уяласан киши”
10-сон умумий ўрта таълим мактаби 1989 йилда бир қаватли бино сифатида қурилган. 2008 йилда эса унга спорт зали ва мактабгача таълим муассасаси қўшиб берилган. Аммо қурилиш қоидаларига амал қилинмагани учун бугун унинг аҳволи аянчли. Бугун мактаб шароити яхши бўлмагани ва сиғими кичиклиги учун фақат 1-синфдан 5-синфгача бўлган болалар таҳсил олади.
“Бино узоқ вақтдан бери таъмирлашга муҳтож эди. Қурувчилар келиши биланоқ, фавқулодда вазиятларга чидаш бермаслигини айтиб, ёрдам беришга ваъда беришади, аммо ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ҳокимиятга қанча ёзишмасин, жавоб ва натижа кўрсатилмайди. Кўп йиллардан буён ҳеч қандай янгиланиш йўқ, бино қаровсиз ҳолатда. Таълим вазирлигининг талаблари эса осмонда. Мактабда на буфет, на ошхона бор”, деди мактабнинг бошланғич ҳарбий таълим раҳбари.
Мактаб қоровулининг айтишича, синф хоналарнинг жорий таъмири ҳам ўқитувчиларнинг бўйнида. Улар хонадаги чироқларни алмаштиришдан тортиб, бўёқ, пол харажатларини ҳам ўз бўйнига олади. Иситиш тизими эса кўмир орқали бўлгани учун сифатсиз кўмирдан синфхоналарни иситиш имкони йўқ.
“Бино “аваренний” ҳолатда. Иссиқлик йўқ, поллар тешик. Ҳамма жой зах. Ҳатто хоналар ремонтини ўқитувчилар қилади. Биз ҳам қоровулхонани ўзимиз таъмирлаймиз. Токпечка орқали иситишга мажбур бўламиз. Фавқулодда вазиятлардан одам келиб бўйнимизга жарима ёзади кейин. Лекин шароит қилиб бермайди. Қандай қилайлик? Улар кетгандан кейин яна печкаларни қўшиб олаверамиз”, деди қоровул Умиджон Саидов.
Мактабнинг спорт зали нафақат совуқ, балки, ўта хавфли ҳам. Ўқитувчиларнинг айтишича, бир неча йил олдин Администрациядан келиб, бино эшигини қулф солиб кетишган. Аммо шундан сўнг бино на таъмирланган, на бузиб, янгиси қурилган. Оқибатда эса болажонларнинг шу хавфли бинода таҳсил олишдан бошқа имкони йўқ.
“Эртага зилзила бўлса, томдаги плиталар босиб қолади, ҳеч ким кирмасин дейишди. Лекин мажбурмиз. Мактаб деган ном беришга уяласан киши. Молхонага ўхшайди. Қурилиш структураси мактаб талабларига жавоб бермайди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган СамПин қоидаларига мувофиқ эмас. Санитария ҳолати – ноль. Мактабда йиғилиш қилиш учун жой йўқ. Биргина мадҳия айттириш учун ҳам ташқарига, совуққа йиғишга мажбур бўламиз. Уни видеога олиб ижтимоий тармоққа қўйсак, ҳамма нега болаларни совуққа олиб чиқдиларинг, деб эътироз билдиради. Мен нима қилай? Хоналар ташқаридан совуқ, фаоллар зали йўқ. Шу бўш майдондан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ-ку”, деди ўқитувчи Шамсиддин Мусаев.
“Электрон доска қандай бўлади? У бутун бошли туманимизда ҳам йўқ”
Ўқувчилар Равот маҳалласида жойлашган бу кичик бинога сиғмагани учун 5-синфдан 11-синфгача бўлган юқори синф болалари қўшни маҳалла ҳудудидаги коллеж биносига кўчирилган. Аммо коллеж биносида жойлашган “нажоткор” мактабнинг аҳволи ҳам ҳавас қиладиган эмас.
“Қишда синфхоналарда жуда совуқ қотамиз. Лампочкаларгача ўчиб қолади. Қоронғида доскани кўрмаймиз. Ўқитувчимиз доскага яқинроқ ўтирғизади. Лекин доскаларимиз ҳам эски бўлгани учун барибир кўринмайди. Баъзан бутунлай тушиб кетади. Совуқ бўлгани учун имкон қадар қалинроқ кийиниб келамиз. Хонамиз бироз бўлса ҳам исийди, батареяларга яқинроқ ўтиришга ҳаракат қиламиз. Лекин совуқ кунларда батареялар ёрилиб, устимизга сув сачрайди. Резина билан боғлаб қўйишса ҳам. Сув босган хонада дарс ўтишга мажбур бўламиз. Спорт залига эса қишда умуман кирмаймиз. Чунки жуда совуқ”, деди Шаббона исмли мактаб ўқувчиси.
Айниқса, мактабнинг пол қисми жуда аянчли аҳволда. Хоналар чангга қопланган, қоронғи ва зах.
“Битта пиёдалар йўлагини қурдиришимиз учун “Опенбюджет”га қатнашишимиз керак экан. Қайси бир муаммони “Опенбюджет” орқали ҳал қилайлик? Ўзбекистонда инсон қадри биринчи ўринда эмасми? “Опенбюджет”да қатнашмади, дегани боланинг тақдирига бефарқ бўлиш мумкин деганимасдир. Бу бинонинг иситиш тизими 2009 йилда тортилган. Ҳозиргача ҳамма трубалар чири кетган. Батареяларни резинка билан улаб юрибмиз. Аммо қачонгача бу давом этади? Директоримизга ҳам қийин. Бир неча бор лелониюмни алмаштириб беришларини сўраб юқорига чиқди. Фойдаси бўлмади”, деди Мусаев.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 3 февраль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова фақат вазирлик биносида ўтиравермай, чекка ҳудудлардаги мактабларга ҳам боришини айтган эди. Хўш, республиканинг энг чекка ҳудудларидаги мактаблар тугул Тошкент вилоятидаги бу мактаб ҳолидан хабар олмаган вазир ўз ваъдасининг устидан қачон чиқади?
Ёки 3 йилдан бери вилоятга ҳокимлик қилаётган Зоир Мирзаев бундай муаммоларни ҳал қилиши учун яна қанча курсида ўтириши керак? QALAMPIR.UZ вазирлик ва ҳокимлик мутасаддиларидан мазкур ҳолат юзасидан муносабат кутади.
LiveБарчаси