Туркия мактабларида Янги йил байрамини нишонлаш тақиқланди

Олам

image

Туркия Таълим вазирлиги мактабларга расмий мактуб йўллаб, маданий қадриятларга мос келмаслигини айтиб, Янги йил ва Рождество байрамларини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар ўтказмасликни талаб қилди. Бу ҳақда “Milliyet” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ва туман таълим ташкилоти орқали юборилган мактубда мактаблардаги ҳар қандай фаолият Туркия миллий қадриятлари, анъана ва урф-одатларига мос бўлиши шартлиги таъкидланган. Тақиқ ушбу байрамлар билан боғлиқ рақамли, ёзма ва визуал материалларни нашр этишга ҳам тегишли.

Ушбу кўрсатма доирасида 16 декабрь куни Оташаҳар тумани Таълим бўлими мудири Исмоил Йилдирим мактабларга Янги йил, Рождество каби расмий саналар рўйхатига киритилмаган тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмаслигини айтган.

Боғчилар тумани Миллий таълим мудирлиги томонидан мактабларга юборилган кўрсатмада Янги йил тадбирлари номи остида фаолиятлар, мактаб ва синфларни безаш ишлари ўтказилмаслиги ҳам келтириб ўтилган.

Бундан ташқари, ушбу воқеалар билан боғлиқ ҳар қандай ҳазиллар, байрамлар ёки нашрлар тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 декабрь куни Германиянинг Саксония-Ангальт федерал ери пойтахти Магдебург шаҳрининг марказида жойлашган Рождество ярмаркасида BMW катта тезликда оломонни босиб кетганди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. 60 дан ортиқ одам жароҳатланган. Турли даражадаги жароҳатлар олганлар сони 60 дан 80 кишигача етган. “Volksstimme” эса 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, лекин бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмади. Саксония-Ангальт ҳукумати вакили “Tagesschau” билан суҳбатда ушбу воқеани террор ҳужуми деб атади, аммо расмий баёнотлар ҳозирча берилмаган. Фожиа жойига федерал ер бош вазири Райнер Хазелофф етиб борган ва ушбу воқеани “даҳшатли ҳодиса” деб таърифлаган. Ҳодиса юз бергач, Рождество ярмаркаси дарҳол ёпилган ва шаҳар марказидаги трамвайлар ҳаракати тўхтатилган. Магдебург полицияси ҳайдовчининг якка ҳаракат қилганми ёки йўқлиги ҳали аниқланмаганини маълум қилган. Ҳодиса сабаблари номаълум бўлиб қолмоқда.

Моҳимбегим Маъруфалиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

мактаб Туркия Янги йил Исмоил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг