Ҳиндистонда “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқариш тўхтатилди
Жамият
−
29 Декабрь 2022
7537Ўзбекистонда 20 га яқин боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дорисини ишлаб чиқарувчи Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Компания қонуний вакили ҳиндистонлик фармацевтика ва косметика ишлаб чиқарувчиси болаларнинг ўлимидан афсусда эканини ва компания “Док-1 Макс” сиропи ишлаб чиқаришни тўхтатганини маълум қилган.
“Дори-дармонларни тартибга солувчи орган компаниянинг Уттар-Прадеш штатидаги Ноида заводини кўздан кечирди ва ўзбекистонлик ҳамкасби билан мунтазам алоқада бўлиб турибди”, дейилади Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг жорий йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
LiveБарчаси