Ерни эгаллаб олишга қарши чора кўрмаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти
Жамият
−
03 Июнь 2022
10980Ўзбекистон Республикасининг Ер, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, Ер кодекси 40-моддасининг биринчи қисми “12” кичик банд билан тўлдирилиб, унга кўра ер участкаларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи, уларни ижарага олган, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, Ер кодексининг 38-моддасига қўшимча киритилиб, Кадастр агентлиги органлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш ҳақида тўғридан-тўғри судга даъво аризаси киритиш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси тўтринчи қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра модданинг иккинчи ва учинчи қисмида, яъни, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланганлик ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун ушбу ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланмоқда.
Кодекснинг 601-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра, барча тоифадаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик учун чоралар кўрмаслик бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 198-6-модда билан тўлдирилиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ҳоким ёрдамчисининг сўровларига жавоб бермаслик ҳолатлари бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун 11-моддасининг биринчи қисми ўттизинчи хатбоши билан тўлдирилмоқда.
Унга кўра, фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларида аниқланган (ўзларига ошкор бўлган) ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича маълумотларни бир кунлик муддатда ер соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга тақдим этиши белгиланмоқда.
LiveБарчаси