Мирзиёев Фарғонага ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади
Жамият
−
12 Май 2022
10623Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи Олтиариқ туманидан бошланди. Президент туман чеккасидаги минг гектар адирликда ташкил этилган узумчилик ва боғдорчилик плантацияси билан танишган.
Қайд этилишича, илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер бўлган. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлган. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилган.
Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, “хусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “кишмиш” каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.
Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади. Булар аҳоли даромади, мамлакат экспортини ошириш учун қўшимча манба бўлади.
"Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни “инсон қадри” тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак", деган Шавкат Мирзиёев.
Бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади - 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.
Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.
"Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади", дейди Президент.
Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади.
Президентимиз шундай ишчилар билан суҳбатлашди.
Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.