Хитойда бортида 113 йўловчи бўлган самолёт ёниб кетди
Олам
−
12 Май 2022
10513Хитой жануби-ғарбидаги Чунцин шаҳридаги “Цзянбэй” халқаро аэропортида Tibet Airlines авиакомпаниясининг йўловчи самолёти парвоз пайтида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, ёниб кетди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берган.
Воқеа бугун, 12 май куни тахминан эрталаб соат 08:00 да (Тошкент вақти билан 05:00) юз берган. Қайд этилишича, бортда 113 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. 40 киши тан жароҳати олиб, шифохонага етказилган.
“TV9833 рейси билан Чунцин-Ньингчи рейсини амалга ошираётган самолёт “Цзянбэй” халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди ва унинг чап тарафидаги фюзеляжининг бурун қисми ёниб кетди”, дейилади аэропорт хабарида.
Ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган, ҳодиса сабаблари ҳали аниқланмаган.
Хитой марказий телевидениесининг хабар беришича, ёнғин аллақачон ўчирилган, ҳодиса юз берган учиш-қўниш йўлаги ёпилган, самолётлар ундан кўтарилмайди ва унга қўнмайди. Чунцин шаҳрида якунланган рейслар қисман Сичуань провинциясининг Чэнду шаҳридаги “Шуанлю” халқаро аэропортига кўчирилган.
Бу Хитойдаги жорий йилнинг иккинчи йирик авиаҳалокатидир. Куньминдан Гуанчжоуга MU5735 рейсини амалга ошираётган Boeing 21 март куни Хитой жанубидаги Гуанси-Чжуан автоном районидаги Учжоу шаҳрининг Тэн уездида ҳалокатга учраган. Самолёт бортида 132 киши, жумладан 123 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган деб эълон қилинган. 2015 йилдан бери фойдаланилаётган лайнернинг ҳалокатга учрашининг мумкин бўлган сабаблари ҳалигача маълум эмас. Мутахассислар топилган “қора қутилар”ни текширишда давом этмоқда.
LiveБарчаси