Ўзбекистон ёрдами билан Қирғизистонда 200 ўринли шифохона қурилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Aмрилло Иноятов бошчилигидаги делегация Қирғизистон Республикасида бўлиб қайтди. Делегация Боткен вилояти Қадамжой Марказий туман касалхонасида бўлди. У ерда Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев ва Қирғизистон ҳукуматининг бошқа вакиллари иштирокида шифохонанинг очилиш маросими бўлиб ўтган.  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, икки томонлама мулоқотлар давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, шу жумладан, COVID-19 га қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, томонлар юқумли касалликларни даволаш, ташхислаш ва олдини олиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашган. 

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Aлимкадир Бейшеналиев юқумли касалликлар шифохонасининг қурилиши, унинг жиҳозланишида кўрсатилган амалий кўмак ва тақдим этилаётган гуманитар ёрдам учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган. Шунингдек, пандемия даврида молиявий имкониятлар ҳамда даволаш муассасаларида шифо-ўринлари етишмаётган шундай мураккаб шароитда ўзбекистонликларнинг ушбу кўмаги юқори баҳоланишини айтиб ўтган. 

Қайд этилишича, замонавий шифохона қурилиши ва жиҳозланиши тўлиқ Ўзбекистон томонидан молиялаштирилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири COVID-19 га қарши курашиш доирасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни ҳам алоҳида эътироф этган. Ўзбекистон делегацияси номидан сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Ўзбекистон томони тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини, шунингдек, бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекциясига қарши Қирғизистон халқи билан биргаликда курашишга тайёрлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Талант Мамитов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Қирғизистонда иккита модуллик юқумли касалликлар шифохонасининг қурилгани муносабати билан миннатдорлик билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг