Шифокор 1000 доллар ойлик олмаса, болаларини, набираларини қандай боқади? – Мирзиёев
Жамият
−
26 Ноябрь 2020
19126Ҳозирги даврда Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорларнинг нуфузини ошириш ва юқори маош билан таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқот қилганди.
Президент учрашувда режалар катта эканини айтиб, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклигини билдирди.
“Оддий муаллим 1000 доллар иш ҳақи олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай, 1000 доллар олмаса, эртага уйга бориб боласини, набирасини қандай боқади? Қилишимиз мумкинми? Мумкин. Тинчлик, осойишталик керак, бир-биримизни тўғри тушунишимиз керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, уларни қуйи тизимда амалга ошириш чоралари ҳақида суҳбатлашилган.
Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлаган.
“Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози”, деганди Президент.
Шундан сўнг, Давлат раҳбари Мирзо Улуғбек туманидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрган.
“Бундай, ҳамма йўналишни қамраб олган клиникани бошқариш тажрибаси бизда йўқ. Шунинг учун бу ерни бошқаришни тажрибали хорижлик менежерларга бериш, уларни ҳозирдан жалб этиб, қурилиш ва жиҳозлаш бўйича таклифларини олиш зарур”, деган давлат раҳбари.
Марказда 600 та койка бўлади. Амбулатор ва стационар тартибда 200 дан ортиқ тиббий хизмат йўлга қўйилади. Йилига 3000 дан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш мумкин бўлади.
Умиджон Нозимжонов