Шавкат Мирзиёев ўзини қайси савол қийнашини очиқлади
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
18947Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқот қилди.
“Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад – қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш”, деди давлат раҳбари.
Президент Матбуот хизматининг ёзишича, жорий йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди.
“Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди”, дейди Президент.
Айни пайтда, пандемия қайси соҳаларда оқсаш борлигини, ислоҳот, ривожланиш йўналишларини ҳам кўрсатиб берди. Жорий йил 30 октябрь куни таълим-тарбия тизими, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишлари шу мақсадга қаратилган эди. Уларда муҳокама қилинган долзарб масалалар ва билдирилган таклифлар асосида таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантириш, бирламчи тиббий муассасалар фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш бўйича Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Бугунги учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, уларни қуйи тизимда амалга ошириш чоралари ҳақида суҳбатлашилди.
Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади.
“Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози”, деди Президент.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирди.
Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари аҳоли саломатлиги, ёш авлод камолотида ҳамоҳанг экани таъкидланди.
“Тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги. Ҳаммамиз ўзимизни қийнаб, ҳалол бўлиб, бу тизимларни тўғрилаб олсак, ана шунда адолат таъминланади. Халқимиз рози бўлади. Тошкент бунда намуна бўлиши керак”, дейди давлат раҳбари
LiveБарчаси