Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш тўхтаб қолди

Жамият

image

Бугун, 21 октябрь куни тонгги соат 06:52 да Туркманистон энергетика тизимига қарашли 500 кВли “Сердар-Мари ГРЭС” деб номланувчи юқори кучланишли электр тармоғи фавқулодда ўчди. Бу ҳақда “Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу ҳаво тармоғи орқали Ўзбекистонга 750 МВтгача электр энергияси импорти етказиб берилаётган эди. Ҳаво тармоғида содир бўлган носозлик туфайли, аварияга қарши автоматиканинг ишлаши оқибатида, Ўзбекистон энергетика тизимида 316 МВт қувват билан  истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди.

Таъкидланишича, тонгги соат 7:00 дан бошлаб электр станциялардаги мавжуд резерв қувватларни ошириш орқали тармоқдан узилган истеъмолчиларга кучланиш бериш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Ҳозирги пайтда Туркманистон энергетика тизими мутахассислари ҳаво тармоғини ишга қўйиш борасида созлаш ишларини олиб боришмоқда. Тез орада электр узатиш тикланади.

Жамият юзага келган техник-муҳандислик ҳолати учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” гидроиншоотлар томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни режага мувофиқ давом этмоқда ва бу мамлакатдаги кунлик истеъмолнинг асосий қисмини (тахминан 94–97 фоизини) қоплайди.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг