Ҳаёт учун зарур бўлмаган бюджет харажатлари қисқартирилади – Молия вазири
Жамият
−
16 Апрель 2020
7317Коронавирус пандемияси натижасида Давлат бюджетининг иккинчи чорагида маълум қийинчиликлар юзага келади. Шу сабабли, ҳаёт учун зарур бўлмаган харажатларни кейинги чоракларга ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Молия вазири Тимур Ишметов онлайн брифингда маълум қилди.
“Бюджетда кўзда тутилган тақчиллик айнан иккинчи чоракда шаклланади. Яъни, одатда биринчи, учинчи ва тўртинчи чоракка нисбатан иккинчи чорак оғирроқ бўлади. Коронавирус тарқалиши, унга қарши курашиш ва карантин вақти ҳам айнан шу босқичга тўғри келгани туфайли бу яна бюджетга қўшимча қийинчиликлар туғдиради.
Шу сабабли, бюджетда даромадларнинг қисман камайиш эҳтимоли бор. Бюджетнинг айрим ҳаёт учун зарур бўлмаган харажатларни кейинги чоракларга ўтказиш, айримларини қисқартириш бўйича таклифлар тайёрланган ва ҳукуматга киритилган”, дея таъкидлади Молия вазири.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланган эди. Қарорда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь