Ходимларнинг карантинда ишлаши бўйича янги тартиб ўрнатилади
Жамият
−
26 Март 2020
18173Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли буйруғи лойиҳасида қайд этилган.
Унга кўра, ходимларнинг иш вақти режимининг ўзгариши, шу жумладан ишнинг бошланиши ва тугаш вақти, шунингдек, тўлиқсиз иш вақтининг ўрнатилиши меҳнат шароитининг ўзгариши ҳисобланади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Ходимни мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади. Ходим ва иш берувчи томонидан меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни имзолаш ушбу ўзгартиришларга тарафларнинг розилиги ҳисобланади.
Мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш қуйидагиларни назарда тутиши мумкин:
• ходимга тўлиқсиз иш вақти – тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилаш (Меҳнат Кодексининг 119-моддаси);
• қисқартирилган иш вақти давомийлиги доирасида ходимнинг иши бошланиши ва тугаш вақтларини (Меҳнат Кодексининг 115-118-моддалари) белгилаш, шунингдек, бошқа ходимлар учун ўрнатилган ички меҳнат тартиби қоидаларидан фарқли равишдаги ишдаги танаффуслар вақти ва давомийлиги.
Мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган қўшимча меҳнат шартномасига қуйидагилар кўрсатилади:
• тўлиқсиз иш вақтида – ишнинг бошланиш ва тугаш вақти кўрсатилган кунлик иш соатлари ёки ҳафталик иш кунлари миқдори;
• иш вақти режими ўзгарганда – ишнинг кунлик бошланиш ва тугаш вақти, шунингдек, сменали ишда ишланадиган ва ишланмайдиган кунларнинг навбати.
Ходимни тўлиқсиз иш вақтига вақтинчалик ўтказилишида:
• меҳнатга ҳақ ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади;
• меҳнат таътилининг давомийлиги сақлаб қолинади.