Тадбиркорлар манфаатига зид бўлган икки ҳужжат лойиҳасига рад жавоби берилди
Бизнес
−
18 Ноябрь 1874 1 дақиқа
Солиқ қўмитаси ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган икки ҳужжат лойиҳаси қайта ишлаш учун муаллифларга қайтарилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 17 ноябрь куни Савдо-саноат палатасида Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Кун тартибида ташқи савдо, халқаро юк ташувлари, валюта хатарларини бошқариш, солиқ қонунчилиги ва энергия самарадорлигига оид 9 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат кўриб чиқилган.
Муҳокамада Кенгаш аъзолари Солиқ қўмитаси ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган икки ҳужжат лойиҳасини танқидий кўриб чиққан.
Асосий эътироз – таклиф этилаётган нормаларнинг тадбиркорлик амалиётига мос эмаслиги. Шу сабабли ҳар икки лойиҳа қайта ишлаш учун муаллифларга қайтарилган.
Қолган масалалар бўйича эса тадбиркорларнинг таклиф ва эътирозлари инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган.
Йиғилиш якунида барча қабул қилинаётган қарорлар, аввало, тадбиркорлар манфаатига хизмат қилиши, бизнес учун қулай шароит яратиши ва иқтисодий эркинликни таъминлаши зарурлиги таъкидланган.
Live
Барчаси