Дугоналар машмашаси. 2 минг долларлик “права”– Qalampir.uz дайжести

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Кун давомида Ўзбекистон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uzʼнинг маҳаллий дайжести. 

Жаҳон банки Самарқандда тиббий хизматлар учун 100 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонга Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини ривожлантириш учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Маълумотларга кўра, маблағ Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан ажратилади. У Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, сурункали касалликларни аниқлаш ва даволашни кучайтиришга йўналтирилади.

ШИФО-1 дастури аҳоли саломатлигини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва тиббиёт ходимлари малакасини ошириш орқали қарийб 28 минг 800 та қўшимча ҳамда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилишига кўмаклашиши кутилмоқда.

Дастур доирасида Самарқанд вилоятидаги 400 дан ортиқ оилавий поликлиникаларни модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 6 400 нафардан зиёд тиббиёт ходими, 1 250 нафар оилавий шифокор ва 5 000 нафар ҳамшира ўқитилади ҳамда сертификат берилади.

Бундан ташқари, миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформаси – DMED имкониятлари кенгайтирилади. Платформага беморларнинг рақамли реестри ва аҳоли саломатлигини бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча воситалар киритилади. Ушбу янгиланишлар орқали 330 минг нафар катта ёшли аҳолини юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича скринингдан ўтказиш ва 250 минг нафар беморнинг даволаниш жараёнини яқиндан кузатиб бориш имконияти яратилади. ШИФО-1 дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа ихтисослаштирилган идоралар томонидан 2028 йил декабригача амалга оширилади. Дастурнинг умумий қиймати 525 млн долларни ташкил этади. Шундан 425 млн доллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.

2 минг долларга “права” олиб бермоқчи бўлган аёл қўлга тушди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 2 000 АҚШ доллари эвазига ноқонуний равишда “Б” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган аёл ушланди. Маълум қилинишича, Шаҳрисабз туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан судланган аёл фуқарога танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтиб, бунинг учун 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. У келишилган пулнинг 1 800 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Икки вилоятда ноқонуний дори савдоси билан шуғулланганлар ушланди

Тошкент ва Хоразм вилоятларида дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бекобод шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро умумий баҳоси 135 млн сўмлик сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 100 қути дори воситасини фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида эса бир фуқаро иккинчисига 5 турдаги 28 280 дона дори воситалари ва 10 500 дона шприцларни 65,9 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Оммавий тадбирларда хавфсизлик хизмати пулли бўлиши мумкин

Ўзбекистонда оммавий тадбирларда хавфсизлик хизматлари учун ташкилотчилардан ҳақ ундириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 18 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида келтирилган.

Лойиҳага кўра, оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари хизматлари пулли асосда кўрсатилади. Бунинг учун тадбир ташкилотчиси тегишли идоралар билан мажбурий шартнома тузиши керак бўлади. Шартнома рухсатнома олингандан кейин, тадбир бошланишига камида 10 иш куни қолганда расмийлаштирилиши лозим.

Хизматлар қиймати ҳам алоҳида тартибда ҳисобланади. Бир киши-соат учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи, яъни 30 800 сўм этиб белгиланмоқда. Шартноманинг умумий қиймати эса бир киши-соат қийматининг 50 фоизи, аниқроқ айтадиган бўлсак 15 400 сўмни тадбирга жалб этиладиган ходимлар ёки ҳарбий хизматчилар сонига ва тадбир давом этадиган соатлар миқдорига кўпайтириш орқали аниқланади.

Бироқ барча тадбирлар учун бундай тўлов жорий этилмайди. Президент, Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Ҳукумат ҳужжатлари асосида ўтказиладиган айрим тадбирлар, кўчма цирклар, дорбозлар томошалари ҳамда сайловолди ташвиқот тадбирлари учун ҳақ ундирилмайди.

Суд “Кокош” ва унинг дугоналари иши бўйича изоҳ берди

2026 йилнинг 13 ноябрь куни апелляция судининг ҳукми билан Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова Жиноят кодексининг 140 ва 165-моддаларининг тегишли бандлари билан айбли деб топилди.

Комила Абдуқодирова 3 йил 6 ой, Барчин Ғофурова 4 йил ва Ниҳола Ражабова 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шундан сўнг жорий йилнинг 18 ноябрь куни Тошкент шаҳар судлари мазкур иш юзасидан изоҳ берди.

Изоҳда воқеалар ривожи танганинг иккинчи томонини кўрсатаётганлиги, янада аниқроқ айтилса, жарроҳлик амалиёти асоратлари оқибатида ўзига нисбатан моддий ва маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган шахс қонуний тартиблар асосида ваколатли органга мурожаат қилиш ўрнига масалага қонун тақиқлаган усуллар орқали “ечим топишга” урингани айтилган.

Қайд этилишича биринчи инстанция судининг ҳукми апелляция инстанциясида бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо тайинлаши ҳам фавқулодда ҳодиса эмас. Бу одил судлов жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, айни тартиб суд ҳужжатидан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг