“Аччиқ натижа”. Суд “Кокош” ва унинг дугоналари иши бўйича изоҳ берди
3-саҳифа
−
14:55 3154 4 дақиқа
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда “Кокош” тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ва “Ryyan Sweet” номи билан танилган яна бир блогер Ниҳола Ражабова озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент шаҳар судлари мазкур иш юзасидан изоҳ берди.
“Кокош” тахаллуси билан танилган блогер ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми турли муҳокамаларга сабаб бўлаётганини кутилмаган ҳолат эмас. Негаки, блогернинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ ғавғолар, масала ҳали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етиб келмасидан аввал, ижтимоий тармоқларда сиздирилиши ортидан келиб чиққан шов-шув натижасида кўпчилик ҳолат бўйича “ҳукм-хулоса” чиқариб бўлганди, гўё?!” дейилади баёнотда.
Шунингдек, Тошкент шаҳар судларининг қайд этишича, воқеалар ривожи танганинг иккинчи томонини кўрсатмоқда. Янада аниқроқ айтилса, жарроҳлик амалиёти асоратлари оқибатида ўзига нисбатан моддий ва маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган шахс қонуний тартиблар асосида ваколатли органга мурожаат этишида муаммо йўқ. Масалага қонун тақиқлаган усуллар орқали “ечим топишга” уриниш эса жиддий ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқариши аниқ.
“Блогер ва унинг хайрихоҳлари иккинчи йўлни танлагани кўринади ва бунинг аччиқ натижасини жамоатчилик кўриб, билиб турибди: улар туҳмат ва товламачилик жиноятларида айбдор, деб топилди ва тегишли жазо тайинланди”, дейилади изоҳда.
Қайд этилишича, ҳукмнинг қонуний ва асослиги алоҳида масала бўлиб, алоҳида ҳуқуқий жараённи талаб қилади. Биринчи инстанция судининг ҳукми апелляция инстанциясида бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо тайинлаши ҳам фавқулодда ҳодиса эмас. Бу одил судлов жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, айни тартиб суд ҳужжатидан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
“Бундай ҳуқуққа судланувчилар ҳам эга ва Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ҳукмига нисбатан шикоят қилиши мумкинлиги такрор эслатилади”, дейилади изоҳда.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни апелляция судининг ҳукми билан Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Шу асосда Комила Абдуқодировага 3 йил 6 ой, Барчин Ғофуровага 4 йил ва Ниҳола Ражабовага 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Уларнинг озодликдан маҳрум этилиши 2025 йилнинг март ойида Комила Абдуқодирова Чилонзор туманидаги “Med Consultant” номли хусусий клиникада липосаксия ҳамда абдоминопластика пластик жарроҳлик амалиётини ўтказгани ва шундан кейин келиб чиққан можаро билан боғлиқ. Ўшанда судланувчилар ҳақорат қилиш, яъни фуқаронинг шахсини қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш жиноятини содир этган. Жарроҳлик амалиёти тўғри ўтказилган бўлса-да, Комила Абдуқодировада некроз жараёни кузатилган ва бемор бунда клиника раҳбарини айблаган. Бироқ ҳужжатда келтирилишича, судланувчи жарроҳлик амалиётидан кейин шифокорлар кўрсатмаларига амал қилмаган. Хусусан, у никотин истеъмол қилган, ётоқ режимини ва реабилитацияни бузган, амалиётдан кейинги асептика ва антисептикага риоя қилмаган, жисмоий зўриқишни камайтирмаган ҳамда қорин соҳасида амалиётдан олдин шикофорлар рухсатисиз қорин соҳасида “Мезодиссолюция” (тери остига ёғларни эритувчи препаратларни юбориш) амалиётини ўтказган.
Шунга қарамай, судланувчилар ўзларининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида клиника шифокорларини айблаб, турли ҳақоратли видеолар жойлаган. Бундан ташқари, улар клиника раҳбари У.А. ни оғир ва иложсиз аҳволга солиб қўйган. Хусусан, ундан моддий манфаат қўлга киритиш мақсадида ўзларининг ижтимоий тармоқларига жойланган туҳматли видеотасвирларни ўчириш, “Med Consultant” клиникаси ҳамда раҳбари У.А. нинг обрўсини тиклаб беришни ваъда қилган. Эвазига эса клиника раҳбаридан Комила Абдуқодировани қўшимча даволаш учун Туркиядаги хусусий клиникага 35 минг доллар ўтказиб беришини талаб қилган.
Суд мажлисида судланувчилар – Комила Абдуқодирова, Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабова айбларига иқрор бўлмаган.
Жабрланувчи У.А. эса дастлабки терговдаги кўрсатмаларини тасдиқлаб, судланувчиларга нисбатан даъвоси борлигини билдирган ва уларга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўраган. 16 июнь куни бўлиб ўтган судда судланувчиларга юқорида келтирилган жазолар тайинланган Н.Р. ва жабрланувчи У.А. нинг шикоятлари асосида ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинган ва юқорида келтирилган жазо чиқарилган.
Live
БарчасиТрамп Хитойга етиб борди
14:12