Тошкент халқаро инвестиция форумида 43 млрд долларлик келишувга эришилди (видео)
Жамият
−
17 Июнь 2967 2 дақиқа
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вазирлик-идоралар, Ўзбекистоннинг хусусий компаниялари 43 миллиард долларлик инвестицион шартнома ва келишувларга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Ҳурматли Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли вазирлик-идораларимиз, Ўзбекистоннинг хусусий компаниялари мана шу форум доирасида 43 миллиард долларлик инвестицион шартнома ва келишувларга эришди”, дейди у.
Шерзод Асадовнинг айтишича, бу биринчи навбатда ўзбекистонликлар учун минглаб янги ишчи жойлари, ўнлаб янги корхоналар ва турли хил янги саноат турларининг кириб келиши дегани. Халқ бундан ўзининг иқтисодий салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан баҳраманд бўлади.
“Шу билан бирга, беш йил ичида Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз номи билан халқаро инвестиция форумига айланди деб ўйлаймиз. Сабаби, иккита давлат раҳбари, Албания, Германия Президентлари иштирок этишяпти. Олтита Бош вазир, кеча ҳаммаларингиз гувоҳ бўлдингизлар, ҳатто Малайзия Бош вазири ҳам Ўзбекистонда қисқа ташриф билан бўлди ва ҳурматли Президентимизни ушбу йирик тадбир билан табриклаб, унинг аҳамияти Осиё давлатлари учун ҳам қанчалик муҳимлиги ҳақида айтиб ўтди”, дейди Президент матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, форум доирасида Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокара ўтказди ҳамда музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқлади.
Live
Барчаси