Яшил энергия қиролидан чорлов: Албатта Ўзбекистонга сармоя киритинг!
Бизнес
−
17 Июнь 3618 3 дақиқа
Кеча, 16 июнь куни Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Афғонистон, Баҳрайн, Миср, Ироқ, Қатар, Қувайт, Малайзия, Уммон, Саудия Арабистони, Сурия ва Бирлашган Араб Амирликларидан келган ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ўзбекистонлик экспортёр тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирда бутун дунёда “яшил энергия қироли” деб таърифланувчи, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг энг ишончли вакилларидан бири, йирик тадбиркор, “ACWA” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян Ўзбекистондаги бизнес ва инвестицияга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, хорижлик ишбилармонларни инвестиция киритишга чорлади.
“Агар сиз бизнес қилмоқчи, инвестиция киритмоқчи бўлсангиз ҳамда унинг муваффақиятли бўлишини ва бундан завқ, яхши даромад олишни истасангиз, албатта Ўзбекистонга сармоя киритишингиз керак. Ўзбекистонга келмасангиз, жуда, жуда, жуда катта имкониятни қўлдан бой берган бўласиз. Мен ҳам тадбиркорман. Ҳозирда 15 та давлатда фаолият юритаман ва инвестиция киритаман. Аммо сизга аниқ айта оламанки, Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг яхши давлат. Бу гапни ушбу мамлакатга инвестициялар киритган ва фойдали бир нечa йилини ўтказган тадбиркор сифатида ишонч билан айта оламан” деди, Муҳаммад Абунайян.

Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон билан Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун самарали майдон яратишдан иборат эканлиги таъкидланди.
“Бизнес муҳити Ўзбекистонда анча барқарор ва инвестициялар ҳамда инвесторлар учун янада яхшиланиб боряпти. Бу ўзимнинг шахсий кузатувларимдаги хулоса эди. Жаноб Абунайяннинг нутқидан кейин яна ҳам амин бўлдим. Шундай экан, биз келажакда янада кўпроқ сармояларни киритишга умид қиламиз ва бу борада улкан салоҳиятни кўряпмиз”, деди Саудия Арабистонидан келган тадбиркор Раид Марглани.
Ўзбекистон ўз маҳсулотлари билан эгаллаши мумкин бўлган бозорлар географиясини кенгайтиряпти. Бу борада изланиш ва янги ҳамкорларни топиш, эскилари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш асосий мақсад. Бу йўлда Ўзбекистон Индонезия билан ҳам янги битимлар устида ишламоқда.
“Яқиндагина Индонезия ва Ўзбекистон ўртасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим муҳокамасининг дастлабки босқичларини бошладик. Ҳозирги кунда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 181 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда ва биз келгусида бу кўрсаткич янада ўсишига умид қиламиз. Бу жараёнда эса, албатта бизнес вакилларининг ўзаро келишуви, уларни учраштирадиган, бир-бири билан таништирадиган форумларнинг ўрни жуда катта. Ўзбекистон бу борада сўнгги йилларда жуда фаоллашди. Худди бугун бўлаётганидек, B2B форматидаги мулоқот эртага албатта йирик инвестициялар ва катта савдо айланмаси орқали ўз натижасини беради”, деди Индонезия савдо вазирининг ўринбосари Дья Роро Эсти Видя Путри.

Форум доирасида ўтказилган B2B учрашувлар иштирокчиларга янги шериклар топиш, маҳсулот ва хизматларини тақдим этиш, экспорт шартномалари ва қўшма инвестиция лойиҳалари юзасидан музокаралар олиб бориш имконини берди.

Live
Барчаси