АҚШ ва Кореяга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент ва Андижон вилоятларида фуқароларни АҚШ ҳамда Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан катта миқдорда пул талаб қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи, аввал бир неча бор судланган, 1969 йилда туғилган шахс пойтахтлик фуқаронинг ишончига кирган. Уни мансабдор танишлари орқали АҚШга ишчи визаси асосида юборишни ваъда қилган. У барча ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 22 минг доллар талаб қилган ва олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Андижон вилоятида аниқланган ҳолатда эса Избоскан туманида яшовчи 1993 йилда туғилган шахс Асака туманида истиқомат қилувчи 26 ёшли фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган. У мансабдор танишлари орқали ишчи виза тайёрлатиб беришини айтиб, бунинг эвазига 6 минг доллар талаб қилган ва олдиндан 3 минг доллар олаётган вақтида ДХХ ҳамда департамент ходимлари томонидан ушланган. Терговга қадар текширув давомида ушбу шахс аввал ҳам бошқа бир фуқародан Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб пул олгани аниқланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, фуқаролардан пул талаб қилган икки нафар мансабдор шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиноят Андижон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг