Андижонда мансабдорлар пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Андижон вилоятида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, фуқаролардан пул талаб қилган икки нафар мансабдор шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, Андижон вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси шуъба бошлиғи Андижон шаҳридаги савдо дўконида ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлатга етказилган қарийб 680 млн сўмлик зарарни мансабдор танишлари орқали қайта ҳисоблатиб, камайтириш ҳамда маъмурий чора кўрилишида ёрдам бериш эвазига тадбиркордан 30 млн сўм талаб қилган.

У ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Асака тумани филиали Маҳаллабай ишлаш бўлими бош менежери фуқарога 3 млрд 650 млн сўм миқдоридаги кредитни расмийлаштириб беришда ёрдам бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган. У жорий йилнинг апрель–май ойларида фуқародан жами 7 800 АҚШ доллари олган.

Бироқ бош менежер ваъдасини бажара олмаган ва ушбу маблағдан 1 минг АҚШ долларини қайтариб бераётган вақтида ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат захирасидаги 2 сотих ерни мансабдор танишлари орқали олиб бериш учун 50 минг доллар талаб қилган Гулистон ҳокимлигининг масъул ходими ушлангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

пора Андижон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг