Қарши ҳокимининг сўконғич ўринбосари 41 млн сўм жаримага тортилди
Жамият
−
12 Июнь 3741 2 дақиқа
Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Нурбек Турдиев йиғилишда ходимларни бўралаб ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳоким ўринбосари ходимларни дам олиш кунларида ишга жалб қилгани учун 41 миллион 200 минг сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб қилгани ҳамда уларга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлингани ҳақидаги ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда атрофлича ўрганиб чиқилган.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлиги ўз тасдиғини топган. Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосан маъмурий жарима қўлланилган. Маълум бўлишича, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (41 миллион 200 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Шунингдек, Қарши шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан ходимларга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлинганлиги юзасидан унинг хатти-ҳаракатларини Одоб-ахлоқ комиссиясида кўриб чиқиш юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ экология инспекторининг ёқасидан олган Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саидали Хизировга суд ҳукми ўқилганди. Суд ҳукми билан унга нисбатан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари (61 миллион 800 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Live
Барчаси