Россия Арманистондан барча карантин маҳсулотлари импортини тақиқлади
Олам
−
12 Июнь 2730 2 дақиқа
Бугун, 12 июндан бошлаб Россельхознадзор Арманистондан Россияга барча карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришнигина эмас, балки уларнинг Россия ҳудуди орқали Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) бошқа мамлакатларига транзит қилинишини ҳам тақиқлади. Ушбу тақиқ “юкларнинг хавфсизлиги ва уларни кузатиб бориш устидан назорат алгоритми” келишиб олингунга қадар амалда бўлади. Бу ҳақда Россельхознадзор хабар берди.
Идоранинг маълум қилишича, бундай мутлақ тақиқ қўйилишига тизимли равишда карантиндаги зараркунандалар аниқлангани сабаб бўлган. Май ойидан бери хизмат Арманистон агроэкспортининг айрим тоифаларини кетма-кет ёпиб келди ва Ереванни “қоидабузарликлар” ҳақида мунтазам равишда огоҳлантирди – бироқ, Россельхознадзорнинг ёзишича, вазият ўзгаришсиз қолган. Қайд этилишича, июнь ойининг ўзида мутахассислар “капра қўнғизи билан зарарланиш”нинг учта ҳолатини қайд этган: зараркунанда Арманистондан келтирилган ёнғоқ, қуритилган шафтоли ва қуритилган помидорлар таркибида аниқланган.
Россельхознадзор буни Арманистон фитосанитария назорати ўз функцияларини уддалай олмаётгани ва сертификатлаш тизимига бўлган ишонч йўқолганидан далолат беради деб баҳолаган. Идорага кўра, буларнинг барчаси бутун ЕОИИнинг “фитосанитария осойишталиги”га таҳдид солади.
Россия идоралари жорий этилаётган чекловларни санитария ва фитосанитария даъволари билан изоҳламоқда, бироқ Арманистон расмийлари ва кузатувчилари буни Москва ва Ереван ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашгани билан боғламоқда. Амалдаги тақиқ Россия Пашинян ҳукуматининг ЕИ ва АҚШ билан яқинлашиш курси фонида Арманистонга нисбатан қўллаётган бир қатор чораларининг давоми бўлди. Масалан, бунга Арманистондаги сайлов жараёнида қоидабузарликлар бўлгани ҳақидаги бир томонлама баёнотлар ва унинг ЕОИИдаги аъзолигини музлатиб қўйиш таҳдидлари киради.
7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси қарийб 50 фоиз овоз тўплади ва ҳукуматни бир ўзи шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида Арманистон билан қуруқликдаги чегараларини очишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси