Саидов Жазоир Президентига Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди

Жамият

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Жазоир Президенти Абдулмажид Теббун билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Саидовга кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилаклари Жазоир раҳбарига етказилган.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда аниқ амалий натижаларга эришиш юзасидан фикр алмашилган.

Томонлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиққан.

Ўзбекистон томони Жазоир раҳбариятининг икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатъий интилишини юксак баҳолаб, кўп қиррали ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш йўлида биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида тоғ-кон саноати, геология-қидирув ишлари, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жазоир Абдулмажид Теббун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг