Ўзбекистон ва Жазоир дипломатлар учун визасиз режим жорий қилади
Жамият
−
11 Июнь 1278 2 дақиқа
Бугун, 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, Ал-Жазоир шаҳрида Жазоир Халқ Демократик Республикаси Ташқи ишлар вазири Аҳмад Аттаф билан самимий ва самарали музокаралар ўтказилган. Тор ва кенг доирада бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
“Жазоирни Африка қитъасидаги муҳим ва истиқболли шерик сифатида қадрлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият мавжуд. Биз тарихий дўстликни амалий шериклик билан бойитиш, олий ва юқори даражадаги мулоқотларни мунтазам йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш тарафдоримиз”, дейди Саидов.
Унинг маълум қилишича, учрашувда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, Қўшилмаслик ҳаракати, БМТ ва бошқа кўп томонлама платформаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
“Минтақавий ва халқаро вазият юзасидан ҳам фикр алмашдик, хусусан, Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратдик. Барқарорликни таъминлаш ва кескинликни камайтиришда вазминлик, мулоқот ҳамда дипломатиянинг аҳамиятини таъкидладик”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Музокараларимиз якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланган.
Жумладан:
- Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги битим;
- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия ҳамда Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик ва халқаро муносабатлар институти ўртасида англашув меморандуми;
Билдирилишича, имзоланган ҳужжатлар мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, дипломатик алоқаларни кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Гонконг билан визасиз тартибни жорий этиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси