АҚШ ва Мексикага борадиган ўзбекистонлик мухлислар огоҳлантирилди
Спорт
−
10 Июнь 5801 2 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати давомида АҚШ ва Мексикага сафар қиладиган ўзбекистонлик мухлисларга қатор тавсиялар билан мурожаат қилди.
Вазирликнинг билдиришича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор мундиалда иштирок этиши сабабли хорижга йўл оладиган ватандошлар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Шу муносабат билан фуқароларга мезбон давлатларнинг виза, миграция ва кириш-қоидалари билан олдиндан танишиш, барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш тавсия этилган.
ТИВ сафар давомида паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг асл нусхалари ҳамда уларнинг электрон ва қоғоз кўчирмаларини сақлаш, маҳаллий қонунчилик ва жамоат тартиби қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини эслатган.
Шунингдек, мухлисларга ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан режалаштириш, фақат расмий транспорт ва ахборот хизматларидан фойдаланиш, гавжум жойларда эҳтиёткор бўлиш ҳамда рухсат этилмаган оммавий тадбирларда қатнашмаслик тавсия қилинган.
Фавқулодда вазиятлар, ҳужжатларни йўқотиш ёки бошқа муаммолар юзага келган тақдирда маҳаллий тезкор хизматларга ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш лозимлиги қайд этилган.
Вазирлик хорижда бўладиган барча ўзбекистонликларни миллий терма жамоани муносиб қўллаб-қувватлашга, мезбон мамлакатларнинг қонунлари, маданияти ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.
ТИВга кўра, Жаҳон чемпионати каби йирик халқаро мусобақалар даврида Ўзбекистон ва унинг фуқароларига бўлган эътибор ортади. Вазирлик фуқароларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий назоратда эканини ҳамда зарур ҳолларда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ярмидан кўпи Жаҳон чемпионатига ташриф буюриш учун АҚШ визасини олиш имкониятидан маҳрум бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси