ЕИ Россия учун “даҳшатли” санкциялар пакетини қўлламоқчи

Олам

image

Европа комиссияси Россияга қарши энг йирик 21-санкциялар пакети доирасида 170 дан ортиқ янги чеклов жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Европа комиссияси Россияга қарши 21-санкциялар пакети лойиҳасини тақдим этди. Янги чоралар жорий йилнинг 15 июнь куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари томонидан муҳокама қилиниши кутилмоқда. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, пакет доирасида яна 30 та нефть танкерини санкциялар рўйхатига киритиш таклиф қилинган. Шу билан бирга, Россия нефти учун Европа Иттифоқи белгилаган нарх чегарасини ўзгартирмаслик режалаштирилмоқда. Ҳозирда санкциялар остида 632 та кема бор.

Шунингдек, Россияга суюлтирилган газ ташувчи танкерларига сотишни тақиқлаш, Россия нефти билан савдо қилиш ёки уни қайта ишлаш билан шуғулланувчи портлар, аэропортлар ва нефтьни қайта ишлаш заводларига қарши санкцияларни жорий этиш таклиф қилинган.

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Калласнинг айтишича, янги пакет доирасида икки Россия порти ва тўрт аэропорт билан боғлиқ транзакцияларни тақиқлаш режалаштирилган. Европа комиссияси Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти иштирокчилари учун ЕИга киришни тақиқлашни ҳам таклиф қилган.

Қайд этилишича, молиявий соҳада ҳам 90 та молиявий тузилмага қарши чекловлар жорий этиш кўзда тутилмоқда. Улар орасида Россиянинг 31 банки учун SWIFT тизими орқали транзакцияларни тўлиқ тақиқлаш, шунингдек учинчи мамлакатлардаги 20 та банк, криптовалюта платформаси ва нефть трейдерларига қарши санкциялар ҳам бор.

Кая Калласнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Россия ва учинчи мамлакатлардаги 90 та банк активларини музлатишни режалаштирмоқда. Шунингдек, 11 та криптовалюта платформасига нисбатан транзакциялар тақиқланади.

Экспорт соҳасида Россияга металл, қотишмалар ва дронлар учун компонентлар етказиб беришга чекловлар жорий этилади. Бундан ташқари, қиймати 60 миллиард евро бўлган Россия товарлари, жумладан турли металлар ва автотранспорт эҳтиёт қисмлари импорти тақиқланиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, янги пакет доирасида Хитой, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, БАА ва Ҳиндистон компанияларига нисбатан ҳам экспорт чекловлари киритилади. Шу билан бирга, ЕИ юқори самарали қотишмалар, никель кукунлари, қимматбаҳо металл рудалари ва кимёвий маҳсулотлар экспортини ҳам чекламоқчи. Шунингдек, Европа Иттифоқи илк бор Россия балиқчилик маҳсулотлари, жумладан, треска балиғи савдосини тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу чекловлар Беларусга ҳам татбиқ этилади.

Кая Калласнинг айтишича, мазкур пакет сўнгги икки йил ичида Россияга қарши энг йирик санкциялар пакети бўлиши мумкин ва унга 170 дан ортиқ янги позиция киритилган. Унинг сўзларига кўра, келаси ҳафта Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши Россиянинг “соя флоти”, ҳарбий-саноат мажмуаси, инсон ҳуқуқларини бузувчилар ва тарғиботчиларга қарши алоҳида чекловлар бўйича қарор қабул қилади.

Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, 21-пакет доирасида Россия ва Беларусга қарши умумий қиймати 60 миллион еврога тенг экспорт чекловлари ҳам жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳам Россияга қарши санкцияларини кенгайтириб, “қора рўйхат”га 10 нафар жисмоний шахс ва 8 та компанияни киритган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг