Махфий гувоҳлар ва ёпиқ суд ёхуд Ташиев ишининг янги тафсилотлари
Олам
−
09 Июнь 7727 4 дақиқа
Қирғизистон сиёсатида навбатдаги шов-шувли жараён бошланди. Бир неча йил аввал мамлакатдаги энг қудратли сиёсий тандем сифатида кўрилган Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ўртасидаги иттифоқ амалда парчаланган кўринади. Бугунга келиб эса нафақат Ташиев, балки мамлакатнинг собиқ бош прокурори Қурманқул Зулушев ҳамда Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Шакиев ҳам давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ жиноят ишида фигурант сифатида тилга олинмоқда.
Қирғизистонда ҳокимият алмашинувлари, инқилоблар ва сиёсий курашлар янгилик эмас. Бироқ бу галги воқеаларнинг фарқи шундаки, айбланувчилар мамлакатни бошқариб турган тизимнинг ўзагида турган шахслар ҳисобланади. Шу сабаб мазкур иш нафақат ҳуқуқий жараён, балки Қирғизистондаги ҳокимият конфигурациясининг ўзгариши сифатида ҳам баҳоланмоқда.
“75лар хати” иши нима?
Бугунги сиёсий можаронинг марказида “75лар хати” номи билан машҳур бўлган жиноят иши турибди. Тергов маълумотларига кўра, мазкур иш оммавий тартибсизликлар ташкил этиш, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ва давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ ҳолатларни қамраб олган.
Жорий йилнинг 29 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ва парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Шакиевга расман айблов эълон қилинди. Ташиевга қўшимча равишда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича ҳам айблов қўйилган.
Шундан сўнг, 12 май куни Бош прокуратура айблов хулосасини тасдиқлаб, ишни Бишкек шаҳрининг Первомай туман судига юборди. Иш бўйича яна етти нафар шахс ҳам жавобгар сифатида жалб қилинган.
Махфий суд ва сирли гувоҳлар
Мазкур жиноят иши махфийлаштирилган. Шу боис суд мажлислари ёпиқ тартибда ўтказилмоқда. Тергов ва суд материалларини ошкор қилиш тақиқланган бўлса-да, жараённинг айрим тафсилотлари жамоатчиликка сизиб чиқмоқда.
Адвокатларнинг маълум қилишича, иш бўйича уч нафар махфий гувоҳ мавжуд. Ҳозирча бирор нафар гувоҳ сўроқ қилинмаган ва суд асосий муҳокама босқичига ҳам ўтмаган. Суд ҳозирча процессуал масалаларни кўриб чиқиш билан чекланяпти.
Бу эса ишнинг сиёсий аҳамияти янада юқори эканидан далолат бермоқда. Чунки айбланувчилар орасида мамлакат хавфсизлик тизими раҳбари, парламент спикери ва бош прокурор каби юқори лавозимларда ишлаган шахслар бор.
Жапаров ҳаммасини билганми?
Президент Садир Жапаров мазкур иш юзасидан билдирган муносабати билан ҳам диққат марказига чиқди. Унинг айтишича, “75лар хати” атрофидаги жараёнлар ҳақида аввалдан хабардор бўлган ва вазиятни бошиданоқ кузатиб келган.
Жапаровнинг таъкидлашича, мурожаат парламентга киритилганидан бошлаб унинг ҳаракатларини назорат қилган ва масала парламент ялпи мажлисига чиқишидан олдин чора кўрган.
Президент яна бир муҳим баёнот бериб, парламент ичида маълум бир гуруҳ сиёсий фитна уюштиришга уринганини иддао қилди. Унинг фикрича, айрим депутатларнинг мандатларини топшириши ҳам айнан шу воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бу баёнотлар тергов версиясига сиёсий тус берди ва воқеалар ортида ҳақиқатан ҳам ҳокимият учун ички кураш бўлганми, деган саволларни янада кучайтирди.
Жапаров-Ташиев тандеми қандай парчаланди?
Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров узоқ йиллар давомида Қирғизистон сиёсатининг энг мустаҳкам жуфтлиги ҳисобланарди. Улар 2010 йиллар бошиданоқ бир сиёсий лагерьда ҳаракат қилган, 2020 йил октябрь воқеаларидан кейин эса мамлакат бошқарувининг асосий фигураларига айланган.
Жапаров президентликни қўлга киритган бўлса, Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари сифатида куч тузилмалари устидан назоратни таъминлади. Кўплаб кузатувчилар айнан шу иккиликни мамлакатдаги ҳақиқий сиёсий марказ деб баҳолаган.
Бироқ жорий йил февраль ойида Ташиев кутилмаганда лавозимидан озод этилди. Орадан кўп ўтмай унинг яқин атрофидаги бир қатор амалдорлар ҳам ишдан бўшатилди. Энди эса собиқ хавфсизлик раҳбари давлат тўнтаришига уринишда айбланяпти.
Бу ҳолат кўпчилик экспертлар томонидан Қирғизистонда ҳокимиятнинг қайта тақсимланиши ва Жапаровнинг сиёсий тизим устидан назоратини янада кучайтириш жараёни сифатида баҳоланмоқда.
Иш ортида нима бор?
Ҳозирча суд айбланувчиларнинг айбдор ёки айбсиз эканини аниқлагани йўқ. Тергов давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилганини айтмоқда. Айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари эса барча айбловларни сиёсий босим деб баҳоламоқда.
Шунинг учун “75лар хати” иши оддий жиноят ишидан кўра кенгроқ маъно касб этади. Суд муҳокамалари ҳали давом этмоқда. Аммо бир нарса аниқ: кечагина давлатнинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган Қамчибек Ташиев бугун қора курсидан туриб ўз тақдири учун курашмоқда. Бу эса Қирғизистон сиёсатининг нақадар тез ва кескин ўзгариши мумкинлигини яна бир бор намоён этди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси