Пашиняннинг партияси сайловларда 51 фоиздан ортиқ овоз тўплади

Олам

image

Арманистонда ўтказилган парламент сайловларида овозларнинг ярми санаб чиқилганидан сўнг Бош вазир Никол Пашинян раҳбарлик қилаётган “Фуқаролик шартномаси” партияси 51,71 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда “Armenia Today” хабар берди.

Арманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 2005 та сайлов участкасидаги овозларнинг 1029 таси ҳисоблаб чиқилган. Жами қарийб 596 минг нафар сайловчининг овози санаб бўлинган.

Дастлабки натижаларга кўра, “Фуқаролик шартномаси” учун 303 648 нафар сайловчи овоз берган. Иккинчи ўринда “Кучли Арманистон” блоки 23,2 фоиз (136 226 овоз), учинчи ўринда эса “Арманистон” блоки 9,33 фоиз (54 768 овоз) билан бормоқда. “Фаровон Арманистон” партияси эса 4,29 фоиз овоз тўплаган.

Аввалроқ, Пашинян овозларнинг тахминан 10 фоизи санаб чиқилган пайтдаёқ ўз партиясининг ғалабасини эълон қилган эди.

Навбатдан ташқари парламент сайловлари 7 июнь куни бўлиб ўтди. Унда 18 та сиёсий куч — 16 та партия ва 2 та блок иштирок этди. Якуний сайлов фаоллиги 58,97 фоизни ташкил этган бўлиб, овоз беришда 1 миллион 476 минг 597 нафар фуқаро қатнашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат Бош вазири Никол Пашинян сайловолди дебати пайтида Арманистон керак бўлса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг