“Толибон” юзини ёпмаган аёлларни қамоққа олиш билан огоҳлантирди
Олам
−
07 Июнь 2738 2 дақиқа
Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида “фазилатни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш” бўйича “Толибон” гуруҳи аёллар кийиниш қоидаларига риоя қилиниши шартлиги ҳақида огоҳлантириш берди. Бу ҳақда “Amu TV” хабар берди.
Ушбу кўрсатмага кўра, оиладаги эркаклар аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб қоидаларига қатъий амал қилишини таъминлаши керак. Аёллар юзини тўлиқ ёпмасдан, ибодат рўмолисиз, тор кийимда ёки пардоз билан кўчага чиқса, “Толибон”нинг ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олиниши ва аёллар учун мўлжалланган махсус қамоқхоналарга юборилиши мумкинлиги айтилган.
Ҳужжатда “Толибон”нинг “Фазилатни тарғиб қилиш ва ёмонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунига таянган ҳолда, кийиниш қоидаларини бузган ҳолатларда эркак қариндошлар ҳам жавобгар бўлиши мумкинлиги ва бунга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилиши мумкинлиги қайд этилган.
Маҳаллий аҳоли маълумотига кўра, Ҳиротда сўнгги ҳафталарда ахлоқ полицияси назорати кучайган, турли ҳудудларда назорат пунктлари ўрнатилиб, транспорт воситалари тўхтатилиб, аёлларнинг кийими текширилган. Уларга кийиниш талабларга мос эмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар берилгани айтилмоқда.
Худди шунга ўхшаш чекловлар Қобул ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда “Толибон” муваққат ҳукумати никоҳ ва оилавий муносабатларга оид янги қонунни қабул қилганди. Ҳужжатдаги энг баҳсли бандга кўра, балоғат ёшига етган “бокира қиз”нинг сукут сақлаши никоҳга розилик сифатида талқин қилинади.
Live
Барчаси