Керак бўлса, чиқамиз – Пашинян КХШТга аъзолик масаласида
Олам
−
05 Июнь 7219 1 дақиқа
Арманистон керак бўлса, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 4 июнь куни мамлакат Бош вазири Никол Пашинян сайловолди дебати пайтида гапирди.
Дебат жараёнида “Кучли Арманистон” партияси вакили Нарек Карапетян Пашинянга КХШТдаги “аъзоликни музлатиб қўйиш” бўйича савол берган. Сиёсатчи бу нимани англатишини ва нега ташкилотни танқид қила туриб, мамлакат ундан чиқиб кетмаётганини сўраган. Бош вазир эса агар керак бўлса, Арманистон ташкилотни тарк этишини айтган.
“Биз қарор қиламиз ва чиқамиз. Керак бўлса, чиқамиз, мен ортга қайтмаслигимизни айтганман”, дейди Пашинян.
Маълумот учун, Арманистон КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйган. У ўз позициясини КХШТ Тоғли Қорабоғдаги можаро кескинлашган пайтда Арманистонни ҳимоя қилишда “бефарқлик” кўрсатгани ва Ереван олдидаги ўз функцияларини бажармагани билан изоҳлаган. Ўтган йилнинг ёзида Пашинян Арманистон, катта эҳтимол билан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон раҳбариятининг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш бўйича қадамлари ортидан Россиянинг ушбу мамлакатдаги элчиси Сергей Копиркин маслаҳатлашувлар учун Москвага чақирилганди.
Live
Барчаси