Италия қирувчи самолётларини Россия яқинига жойлаштирди
Олам
−
29 Май 6931 2 дақиқа
Италия Ҳарбий-ҳаво кучлари бешинчи авлод F-35B Lightning II қирувчи самолётларини Финляндия ҳудудида, Россия чегарасидан тахминан 200 километр узоқликда жойлаштирди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Маълум қилинишича, самолётлар Канта-Хаме минтақасидаги Йокиёйнен полигонида жойлашган бўлиб, улар Финляндия автомагистралларида учиш ва қўниш амалийотларини бажаради. Машғулотларнинг асосий мақсади – ҳарбий можаро шароитида авиацияни одатий аэродромлардан ташқарида ҳам тезкор тарзда тарқатиб жойлаштириш ва хавфсиз ишлашини синовдан ўтказишдир.
Мутахассисларнинг айтишича, бундай тактика уруш шароитида авиацияни йирик зарбалардан ҳимоя қилиш учун қўлланади. Самолётларни автомобиль йўлларига қўндириш орқали уларни анъанавий авиабазаларга қилинган ҳужумлардан сақлаш ва ҳарбий ҳаво кучларининг яшовчанлигини ошириш мақсад қилинади.
Ҳарбий манбаларга кўра, бу усул НАТО давлатлари ва бошқа мамлакатлар томонидан ҳам қўлланиб келинмоқда. Ҳатто Россия ҳам аввалроқ шунга ўхшаш машғулотларни амалга оширган. Ушбу ёндашув замонавий урушларда авиациянинг марказлаштирилган базаларга боғлиқлигини камайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, 2019 йилдан бери АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам F-35A Lightning II иштирокида автомагистралларда қўниш ва учиш бўйича машғулотлар ўтказиб келмоқда. Бу машқлар аввал Яқин Шарқда бошланган бўлиб, кейинчалик турли ҳарбий операцияцион ҳудудларда давом эттирилган.
Мутахассислар F-35B моделини F-35A билан солиштирганда унинг қисқа учиш ва вертикал қўниш имконияти катта афзаллик эканини таъкидлашади. Бироқ у қимматроқ, техник хизмат кўрсатиш мураккаброқ ва учиш масофаси нисбатан қисқароқ экани ҳам қайд этилади. Шунга қарамай, F-35B самолёти НАТО ва унинг иттифоқчилари арсеналидаги энг замонавий яширин қирувчилардан бири бўлиб қолмоқда. У илғор сенсор тизимлари, электрон жанговор воситалари ва кўп мақсадли жанговор имкониятлари билан ажралиб туради.
Мазкур жойлаштириш ва машғулотлар НАТО мамлакатларининг замонавий ҳарбий стратегияларини такомиллаштириш ва тезкор жавоб бериш имкониятларини кучайтиришга қаратилгани билан изоҳланмоқда.
Live
Барчаси