Путин Қозоғистонда: унинг кортежи қаттиқ қўриқланмоқда (видео)
Олам
−
28 Май 14385 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга расмий ташрифи чоғида унинг Остонадаги кортежига томида пулемётчи учун жой бўлган зирҳли автомобиль, радиоэлектрон кураш (РЭК) тизими ўрнатилган машина ва вертолёт ҳамроҳлик қилди. Видеоёзувларни ўрганиб, таҳлилчилар билан суҳбатлашган “Агентство” нашри шундай хулосага келди.
OSINT таҳлилчиси Кирилл Михайловга кўра, Путин Остонадаги Мустақиллик саройига йўл олган пайтда унинг лимузинини 14 та мотоцикл ва йигирмага яқин автомобиль қуршаб борган. Кортежнинг охиридан ҳарбий машина – катта эҳтимол билан томида пулемётчи учун позицияси бўлган “Алан” зирҳли автомобили ҳам кузатиб юрган.
Шунингдек, “Conflict Intelligence Team” (CIT) ташкилоти ҳам ушбу машина “пулемёти ечиб олинган, ярим ёпиқ пулемёт турелига (айланувчи қурилмасига) эга оддий зирҳли автомобиль”га ўхшашини қайд этган. Михайловнинг баҳолашича, кортеждаги бошқа бир автомобилнинг томида эса радиоэлектрон кураш тизими бўлиши мумкин бўлган қурилма ўрнатилган. CIT’нинг исми ошкор қилинмаган вакилининг фикрича, ушбу конструкция ҳам радиоэлектрон халақит бериш воситаси, ҳам қандайдир алоқа қурилмаси бўлиши мумкин.
Шунингдек, эълон қилинган кадрларга кўра, Путин кортежининг ҳаракатланиш йўналишига олиб чиқувчи йўлларни тўсиб турган зирҳли машиналардан ташқари Президент автомобиллари ўтадиган йўл бўйлаб автоматлар билан қуролланган, камуфляж кийимидаги ҳарбийлар ҳам жойлаштирилган.
Бундан олдин Қозоғистон Давлат қўриқлаш хизмати Россия Президентининг ташрифи давомида Остонада транспорт ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши ҳақида хабар берган. Махсус режим доирасида “махсус давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қуролли кучлар ресурслари, жумладан, ҳарбий авиация ва техникалар”дан фойдаланилиши айтиб ўтилган.
Маълумот учун, Путин Қозоғистонга кеча, 27 май куни учиб келганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашув ва V Евроосиё иқтисодий форумидаги иштирокни ўз ичига олган ушбу ташриф 29 майга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойининг бошида “Financial Times” манбалари Федерал қўриқлаш хизмати сўнгги ойларда Путин атрофидаги хавфсизлик чораларини кескин кучайтирганини хабар қилган эди. Манбаларнинг сўзларига кўра, суиқасд уриниши ёки давлат тўнтариши содир бўлишидан хавсираш кучайгани сабабли, Россия Президенти сўнгги пайтларда вақтини кўпроқ ер ости бункерларида ўтказа бошлаган.
Live
Барчаси