Италияда ғайриоддий темир йўл таксиси синови бошланди

Бу қизиқ

image

Италиянинг Тренто шаҳрида темир йўл саёҳатларининг одатий форматини ўзгартириши мумкин бўлган RailEvo – автоном темир йўл капсулалари тақдим этилди. Бу ҳақда лойиҳанинг расмий сайтида хабар берилди.

Шимолий Италияда RailEvo тизимининг тўлиқ ўлчамли прототипи намойиш этилди. Ишлаб чиқарувчилар ушбу лойиҳани “темир йўл таксиси” деб атамоқда. Лойиҳа аллақачон Трентода синовдан ўтказилмоқда ва кичик шаҳарлар ҳамда шаҳар атрофи ҳудудлари учун жамоат транспортининг янги форматига айланиши мумкин.

RailEvo’ни оддий поезд билан солиштириш қийин. Тизим узун вагонлар ўрнига 4–6 кишига мўлжалланган ихчам автоном капсулалардан фойдаланади. Улар мавжуд темир йўл линиялари бўйлаб ҳаракатланади ва такси принципи асосида ишлайди – йўловчи илова орқали транспортни қулай вақтда чақириши мумкин бўлади.

Лойиҳа муаллифлари одатий жадвал ва белгиланган поездлардан воз кечишни таклиф қилмоқда. Бунинг ўрнига рельслар бўйлаб кичик модулларнинг узлуксиз оқими ҳаракатланади, улар станциялардан мустақил равишда чиқиб кетади ва йўлни тўхтовсиз давом эттиради.

Лойиҳанинг асосий хусусиятларидан бири “вертикал алмашинув” тизими бўлган. Бу тизим капсулаларга бир изли йўлларда мураккаб йўл ўтказгичларсиз ва кутишларсиз бир-бирини ўтказиб юбориш имконини беради. Бунинг учун қўшимча юқори рельсдан фойдаланилади: бир капсула вақтинчалик асосий линиядан юқорига кўтарилиб, бошқасига йўл бўшатиб беради.

Лойиҳа муаллифларининг билдиришича, бундай схема темир йўл тармоғи самарадорлигини, айниқса, кам юкланган йўналишларда сезиларли даражада ошириши мумкин.

RailEvo асосчиси Федерико Бернабеининг айтишича, энергия сарфини камайтириш учун капсула имкон қадар тор ва ихчам қилинган. Шу билан бирга, ичкарида ногиронлар аравачаси, велосипед ва ҳатто юклар учун жой кўзда тутилган.

Тизимнинг яна бир ўзига хослиги – саноат робототехникасида қўлланиладиган махсус ғилдираклар. Улар туфайли капсула нафақат олдинга ва орқага, балки ён томонга ҳам ҳаракатланиши мумкин, бу эса манёвр қилиш ва тўхташни осонлаштиради.

RailEvo бош директори Никола Москининг сўзларига кўра, сервис кечаю кундуз ишлайди. Йўловчилар сафар форматини танлашлари мумкин бўлади: тўхтовсиз индивидуал йўналиш учун қимматроқ тариф ёки ҳамроҳлар ва оралиқ станциялар билан арзонроқ вариант.

Лойиҳа Италиянинг RailEvo стартапи томонидан Trentino Trasporti, Trentino Sviluppo ва Бруно Кесслер жамғармаси кўмагида ишлаб чиқилган. Ҳозирда Трентода синов линияси ишламоқда, маҳаллий ҳокимият эса 2030 йилгача биринчи тўлақонли линияни ишга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Fengfei Aviation Technology компанияси оғирлиги 5 тоннага тенг дунёдаги илк йирик V5000 eVTOL (электр қувватли вертикал учиш-қўниш қурилмаси) парвозини муваффақиятли якунлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Италия темир йўл таксиси RailEvo

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг