Саида Мирзиёева Италияда ўзбекистонлик рассомнинг шахсий кўргазмасида иштирок этди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 61-Венеция биенналеси доирасида Палаззо Франчетти саройида Вячеслав Охуновнинг “Instruments of the Mind” (“Тафаккур воситалари”) номли шахсий кўргазмаси очилишида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Мирзиёеванинг айтишича, Охунов консептуал санъатнинг етакчи намояндаларидан биридир. Ушбу кўргазма унинг фикр ва тасаввур кўлами нақадар кенг эканини яққол намоён этади. Лойиҳа рассом ижодининг қарийб ярим асрлик даврини қамраб олган бўлиб, ундан 1970 йилларга оид, шу пайтга қадар намойиш этилмаган ноёб асарлар ҳам ўрин олган.

“Бу Ўзбекистоннинг бадиий салоҳияти замонавий санъат воситасида жаҳон аҳли билан мулоқот қилиб, кўплаб қалбларни забт этаётганининг яна бир ёрқин исботидир”, дейилади хабарда.

Қолаверса, 61-Венеция биенналесида Ўзбекистоннинг “The Aural Sea” миллий павильони очилиш маросими ҳам бўлиб ўтган.

“Очилиш маросимида нутқ сўзладим. Бу мен учун ўта аҳамиятли чиқиш бўлди. Лойиҳа Орол денгизи мавзусига бағишланган, бироқ бунда у фақатгина экологик фожиа тимсолида талқин қилинмаган. Ушбу экспозицияда Орол бизнинг хотираларимиз, афсона ва ривоятларимиз ҳамда ижодий изланишлар макони сифатида намоён бўлган”, дея ёзган Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон павильони биеннале иштирокчилари ва меҳмонларининг катта қизиқишига сазовор бўлиб, маданиятимиз билан яқиндан танишиш ва минтақамизга саёҳат қилиш истагини уйғотди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Италия Вячеслав Охунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг