Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси тайинланди

Жамият

image

Бугун, 5 май куни Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Қоҳира шаҳрида) Мансурбек Қиличев Жазоир Ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган. Вазир Аҳмад Аттаф Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий алоқаларни юқори баҳолаб, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш муҳимлигига эътибор қаратган.

Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Аҳмад Аттаф ҳозирги вақтда ўзаро савдо ҳажми томонлар салоҳиятидан анча паст эканини қайд этиб, тоғ-кон саноати ва геология, фармацевтика ҳамда тўқимачилик саноати каби тармоқларда имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган. Вазир аҳолиси 50 миллион кишилик Жазоирда Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари маҳсулотлари ишлаб чиқаришини йўлга қўйиб, кейинчалик уларни улкан Африка қитъасига божсиз экспорт қилиш имконияти борлигини маълум қилган.

Шунингдек, у мамлакат иқтисодий зоналарида савдо уйлари, омборхоналар ва кўргазма залларини (шоу-румлар) ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини шакллантириш ҳамда ҳукуматлараро комиссия фаолиятини йўлга қўйишни таклиф этган. Таълим, тиббиёт ва парламентлараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.

Вазир Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар, шунингдек, мамлакатнинг изчил тараққиётидан яхши хабардор эканини билдирган. Суҳбат якунида Аҳмад Аттаф Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг Жазоирга ташрифини интиқлик билан кутаётганини қайд этган. Бундан ташқари, у Ўзбекистон элчисининг Жазоирдаги фаолиятини самарали юритиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Маълумот учун, Мансурбек Қиличев 47 ёшда бўлиб, Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган. У 2002 йилдан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаб, турли дипломатик лавозимларда, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида – Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консулхонасида фаолият юритган. Мансурбек Қиличев 2021 йил октябрь ойидан буён Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Веллингтон шаҳридаги “Government House” қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Алишер Қаюмов Янги Зеландияда ўриндошлик асосидаги элчи сифатида ушбу давлат генерал-губернатори Даме Синди Кирога ишонч ёрлиқларини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жазоир биринчи элчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг